Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8893 марта ўқилди

Ҳар бир бола соғлиғини сақлаш ҳуқуқига эга.

  • Давлат соғлом бола туғилишини таъминлаш учун онага унинг соғлиғини сақлаш шароитларини яратади.
  • Давлат болаларга қонунчиликка мувофиқ ҳажмда бепул тиббий ёрдамни кафолатлайди.

Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи давлат томонидан қуйидаги йўллар билан таъминланади:
  • малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил қилиш;
  • боланинг, унинг ота-онасининг саломатлигини назорат қилиш ва болалар касалликлари профилактикаси;
  • болалар ва ўсмирларни даволаш-профилактика муассасаларида диспансер кузатувини олиб бориш ҳамда даволаш;
  • талаб даражасидаги сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини назорат қилиш;
  • боланинг физиологик хусусиятлари ва соғлиғи ҳолатига жавоб берадиган таълим олиш ҳамда меҳнат қилиш шароитларини яратиш;
  • касбга яроқлиликни аниқлашда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий маслаҳат бериш;
  • санитария-гигиена таълими бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш;
  • соғлиғининг ҳолати тўғрисида бола учун қулай бўлган тарзда зарур ахборотни тақдим этиш.

14 ёшдан катта ёшдаги бола маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга.

Бола билан унинг ҳаётига, соғлиғи ва нормал ривожланишига зиён етказувчи ҳар қандай илмий тажриба ёки бошқа экспериментлар ўтказиш тақиқланади.

Давлат махсус чекловларни жорий этиш ва махсус профилактика дастурларини амалга ошириш орқали болани алкоголга мойилликдан, чекишдан, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар ва интеллектуал-иродавий фаолиятга таъсир кўрсатадиган бошқа моддаларни истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўради.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг аризасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, ҳомийлик ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан, шунингдек ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ижтимоий муҳофаза тизими муассасаларида сақланишлари мумкин.

Chat