«Аёллар дафтари»га киритилган тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари (тикувчилик, тўқимачилик, пазандачилик, соч турмаклаш, дурадгорлик, чилангарлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги (мотокультиватор, ўт ўриш ўроқ машинаси, пайвандлаш аппарати, ўсимликларга ишлов бериш қурилмаси) ва бошқа соҳаларда ишлатиладиган меҳнат қуроллари ва аппаратларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда ёки 10 миллион сўмгача «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Аёллар дафтари» жамғармаси Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ субсидия ажратилади.
Васийлик кенгаши томонидан фуқаронинг мурожаатини 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ўрганиб чиқилади ҳамда ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Васийлик кенгаши қарорида асбоб-ускуна, меҳнат қуролларининг номи ва уларни харид қилиш учун ажратиладиган субсидия миқдори кўрсатилади.
Васийлик кенгашининг ишчи органи — Оила ва хотин-қизлар бўлими Васийлик кенгаши қарори расмийлаштирилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида давлат харидларининг электрон тизими орқали қарорда кўрсатилган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини белгиланган тартибда харид қилиш чораларини кўради.
Ариза берувчига ажратилган субсидия асосида харид қилинган асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларидан самарали фойдаланилаётганлиги, уларнинг техник ҳолати созлиги кафолат муддати давомида сектор штаби котиби томонидан ўрганилади.