Нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.
Нодавлат нотижорат ташкилоти юридик шахс бўлади.
Нодавлат нотижорат ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, бошқа демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, хайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа ижтимоий фойдали мақсадларда тузилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг уюшмалари (иттифоқлари) камида 2 та нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан тузилиши мумкин.
Нодавлат нотижорат ташкилотининг ташаббускорлари ёки муассислари таъсис съездини (конференциясини) ёки умумий йиғилишни чақирадилар, унда устав қабул қилинади ҳамда раҳбар органлари тузилади.
Нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан тузилган деб ҳисобланади.