Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигини бузган тақдирда суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.
Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик бузилган, шунингдек устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки адлия органлари кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти прокуратура ва адлия органларининг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан 6 ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилади.
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.
Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти суднинг қарори билан белгиланган муддатга тўхтатиб қўйилган тақдирда унинг оммавий ахборот воситалари муассиси тариқасидаги ҳуқуқлари тўхтатиб қўйилади, унга оммавий тадбирлар ташкил этиш, банк омонатларидан фойдаланиш тақиқланади, хўжалик фаолияти, меҳнат шартномалари, ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ва жарималар тўлашга доир харажатлар бундан мустасно.
Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, қатнашчилари (аъзолари) ёки нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.