“2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6181-сон, 04.03.2021 й.) қабул қилинди.
Фармон билан белгиланган йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Мақсадли кўрсаткичлар, жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:
2021 йил 1 апрелдан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади.
Мазкур очиқлик индексини ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш адлия органларига юклатилади.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти жорий этилади.
Доимий вакил фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан “Шаффоф хайрия” ягона интерактив портали ишга туширилади.