Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11799 марта ўқилди

Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома

  • Юридик ва жисмоний шахсларнинг бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатномалар бериш тартиби

Рухсатнома 2 йил муддатга берилади, агарда рухсатнома талаблари 2 йил муддатда бажарилмаса буюртмачининг сўровига асосан рухсатнома берган орган томонидан қайтадан кўриб чиқилади.    

Қуйидаги ҳолларда реконструкция қилиш учун рухсатнома талаб этилмайди
  1. биноларнинг мустаҳкамлиги ва зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи юк кўтариб турувчи қисмларининг ўзгаришига олиб келмайдиган қайта режалаштириш (кўп квартирали уйдаги жойларни қайта режалаштириш бундан мустасно);
  2. пойдевор майдонини ўзгартирмасдан енгил турдаги қурилмалар ва вақтинчалик қурилмаларни қуриш ва реконструкция қилиш.

Бунда лойиҳа ҳужжатлари туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари билан (архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқмасдан) келишилади. Объектни фойдаланишга қабул қилиш талаб этилмайди.

Рухсатнома туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан берилади.

  • Ваколатли орган томонидан турар жойни нотурар жой тоифасига ёки нотурар жойни турар жой тоифасига ўтказиш (реконструкция қилмасдан) учун рухсатнома расмийлаштирилганда ариза берувчининг сўровига кўра кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рухсатнома Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармасига электрон тарзда юборилади (объектнинг муайян қисми тоифасини ўзгартириш бундан мустасно).     

Бунда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг автоматик равишда
  1. давлат солиқ инспекциясига — объектнинг тоифаси ўзгарганлиги ҳақида солиқ ҳисобини юритиш учун;
  2. муҳандислик-коммуникация тармоқларини эксплуатация қилувчи ташкилотларга — истеъмолчи билан тўғри ҳисоб-китоб қилиниши учун юборилади.

Қуйидагилар рухсат беришга доир талаб ва шартлар ҳисобланади

а) турар жойни нотурар жойга ўтказишда:

  1. турар жой авария ҳолатида эмаслиги;
  2. турар жойни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ йўқлиги ёки ушбу турар жойга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги;
  3. нотурар жойга ўтказилаётган турар жой биринчи қаватда жойлашганлиги (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно);
  4. қонунчилик ҳужжатлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига зид равишда бинолар конструкциясига таъсир кўрсатувчи ўзгартиришлар киритмаслик;
  5. объектда эвакуация чиқишларининг сони ва жойлашишининг ўзгармаслиги;
  6. турар жой аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондига кирмаслиги;
  7. алоҳида кириш жойини яратиш имкони мавжуд бўлиши;
  8. ва бошқа.

б) нотурар жойни турар жойга ўтказишда:

  1. бино ва иншоотлар аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг) ерлари тоифасига мансуб ерлардаги турар жой зоналарида жойлашганлиги;
  2. нотурар жой авария ҳолатида эмаслиги;
  3. турар жойга ўтказилаётган хона бино ертўласи ёки ярим ертўласида жойлашмаганлиги;
  4. турар жойга ўтказилаётган хона қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида жойлашмаганлиги;
  5. турар жойга ўтказилаётган хонани тўғридан-тўғри бошидан охиригача ёки бурчагидан шамоллатишни ташкил этиш имкониятининг мавжудлиги, шунингдек, ёндош турар жой ёки нотурар жойлардан тўлиқ изоляцияланганлиги;
  6. хоналар шифтининг (максимум, минимум) баландлиги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ эканлиги;
  7. нотурар жойни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ йўқлиги ёки ушбу нотурар жойга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги;
  8. зарур санитария-гигиеник узеллар яратиш учун хоналарни мослаштириш имкониятининг мавжудлиги;
  9. ва бошқа.
  • кўп квартирали уйларни қайта режалаштириш ва реконструкция қилишда қўшниларнинг ёки бошқа учинчи шахсларнинг умумий мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқлари бузилмаслиги ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф-хатар юзага келмаслиги.

Давлат хизматлари кўрсатиш тартиби
  • Ариза берувчи рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХПда давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
  • Рухсатнома олиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга келиб тушган ва қабул қилинган кун ҳисобланади.
  • Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса — ариза берувчи мустақил равишда иловада келтирилган шаклга мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
  • Турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш назарда тутилганда сўровномага турар жойга биргаликда эгалик қилувчиларнинг (агар мавжуд бўлса) нотариал тасдиқланган ёзма розилиги илова қилинади.
  • Ариза берувчидан юқорида кўрсатилмаган маълумотлар ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Қуйидагилар ваколатли орган томонидан рухсатнома беришни рад этиш учун асос ҳисобланади
  1. сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши;
  2. давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғим тўланмаганлиги;
  3. бино ва иншоотнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ эмаслиги;
  4. объектни ўрганиш учун ваколатли органга имконият яратилмаганлиги;
  5. давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу кўчмас мулк объектида низолар борлигидан далолат берувчи суд ҳужжатларининг мавжудлиги;
  6. ваколатли орган томонидан кўчмас мулк объектига тақиқ, хатлов ёки гаровга (ипотекага) қўйилганлиги (ваколатли органнинг розилик хати тақдим этилиши бундан мустасно);
  7. лойиҳалаштириш назарда тутилган қурилиш-монтаж ишлари рухсатнома олгунга қадар ўзбошимчалик билан бошланган бўлса;
  8. давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу ер участкаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги;
  9. кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги;
  10. ва бошқалар.

  • Бунда ер участкаси ёки бино ва иншоотнинг бири давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, рад этиш тақиқланади.
  • Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.
  • Ариза берувчи рухсатнома бериш рад этилган кундан бошлаб 10 (ўн) иш куни мобайнида давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўламасдан кўрсатилган камчиликни бартараф этиб рухсатнома олиш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
  • Рухсатнома беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар ариза берувчи томонидан бартараф этилган тақдирда, рухсатнома сўровнома такроран берилгандан сўнг ваколатли орган томонидан  5 (беш) иш кунидан ошмаган муддатда берилади.
  • Рухсатномани бериш масаласини такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан аввалги рад этиш асосларида баён этилмаган сабабларнинг келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.


  • Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш схемаси
Chat