Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7867 марта ўқилди

Кимлар ватандош ҳисобланади?
  • Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида доимо истиқомат қиладиган ёки таълим олиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, оилавий сабаблар ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб вақтинчалик чет элда юрган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • хорижга чиққан ва чет эл фуқаролигини олган, Ватанига маънавий ва маданий нуқтаи назардан мансубликни ҳис қилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистондан чиқиб кетган шахслар ва уларнинг авлодлари;
  • этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқада бўлиш хоҳишида бўлган хорижда истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикасининг ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  1. халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, истиқомат қилаётган мамлакатнинг қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида чет эллардаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;
  2. Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни дунёда ўрганиш ва оммалаштириш, истиқомат қилаётган мамлакатларида ўзбек тилини, маданиятини ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган ватандошларимизнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистонда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш;
  3. Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ва унинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишни истаган ватандошлар ва улар томонидан тузилган ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
  4. Ўзбекистон ҳудудида ватандошларнинг касбий, шу жумладан, тадбиркорлик, сармоядорлик, илмий, маърифий ва маданий фаолиятини амалга ошириши учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;
  5. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга ватандошлар салоҳиятини жалб қилиш.

Хорижда яшовчи ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш концепцияси тушунчаси нима?

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси, давлатнинг мазкур йўналишдаги сиёсатининг принциплари, мақсадлари, асосий жабҳалари ва механизмларини намоён этадиган қарашларнинг ягона тизимидир.

Ўзбекистон Республикасининг ватандошлар билан ҳамкорлигининг асосий йўналишлари нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикасининг ватандошлар билан ҳамкорлигининг асосий йўналишлари қуйидагилардир:

  • илмий, таълим, тиббиёт, маданий-маърифий, спорт ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси учун ёш кадрлар ва мутахассисларни тайёрлашга ватандошларнинг салоҳиятини жалб этиш;
  • ватандошларнинг таълим олиш ва касбий маҳоратларини ошириш, шунингдек, уларнинг ўз тарихий Ватанининг илмий, маданий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;
  • доимий истиқомат қилаётган мамлакатларда ўзбек тили, маданияти ва урф-одатларини ўрганиш, асраш ва ёш авлодларга етказишда ватандошлар ва уларнинг ташкилотларига кенг кўламли ёрдам кўрсатиш;
  • хорижий давлатлардаги юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини янада тўлиқроқ ёритиш ва уларни Ўзбекистон ҳақидаги тегишли ахборот билан таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ҳамда ахборот алмашинуви борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш;
  • чет элда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари билан доимий алоқани ўрнатиш ва ушлаб туриш, уларнинг Ўзбекистон ҳудудида иш билан таъминлашига зарурий ёрдам кўрсатиш.

Ватандошларга нисбатан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари мавжудми?

Ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиққан ҳолда, уларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрилиши белгиланган:

  • кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабали ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш;
  • юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш;
  • ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш;
  • давлат тасарруфидаги бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш;
  • ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалаларини тўлиқ (қисман) молиялаштириш;
  • ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш;
  • ватандошлар — хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратиш;
  • ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитациядан ўтишини соддалаштириш;
  • Ўзбекистон Республикасини ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирлаш.

Chat