Гимнастика спорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.
2023/2024 ўқув йилидан:
- боғчаларда “Гимнастикага илк қадам” дастури;
- мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган “Болалар учун гимнастика” дастури жорий қилинади.
Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилади.
Мазкур Гимнастика марказлари юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланиб, ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди.
Гимнастика марказлари ўқувчиларининг умумий контингенти жами 132 нафарни ташкил этиб, улар 1–11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади.
- Гимнастика марказларининг ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги диплом берилади.
- Мазкур диплом берилган мутахассислик (тренер, тренер-селекционер) бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш мумкин бўлади.
2023/2024 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг филиалларида гимнастика бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари 2 бараварга оширилади.
2023 йил 1 январдан анъанавий тарзда гимнастика спорт турлари бўйича Ўзбекистонда қуйидаги мусобақалар ўтказилади
- гимнастрада спорт тури бўйича хотин-қизлар ўртасида Президент кубоги;
- бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўртасида “Ёрқин юлдузча” ва катталар ўртасида “Grand Prix Uzbekistan” халқаро турнири;
- спорт гимнастикаси бўйича “Духоба йўл” халқаро турнири;
- трамполин бўйича “Самодан баланд” халқаро турнири;
- халқаро гимнастика кунига бағишлаб ўтказиладиган “Gymnastics Day” бутун Ўзбекистон оммавий форуми;
- умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Халқ таълими вазири кубоги”;
- гимнастика спорт турлари бўйича Халқаро гимнастика федерациясининг тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман/шаҳар, ҳудудий ва республика) чемпионатлар ва кубоклар.