Маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш ишларини комплекс ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига «оилабай» ёндашув тизимини жорий этиш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сони ва сифатини ошириш, бунга жавобгар бўлган вазирлик ва идораларнинг масъулиятини кучайтириш ҳамда хотин-қизларни касбга ўқитиш тизимини янада жадаллаштириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи Маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматларни ташкил этиш тизими босқичма-босқич жорий қилинсин.
Бўнга кўра:
а) маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилган:
- ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш;
- ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳар бир оилани индивидуал ижтимоий ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш;
- аҳоли мурожаатлари асосида ва ижтимоий ҳимоя режасининг ижросини ўрганиш жараёнида ижтимоий хизматларнинг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини доимий назорат қилиб бориш;
- мураккаб ва юқори технологик тиббий амалиётларга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия буюмларига ва шу каби бошқа ижтимоий хизматларга оилаларнинг эҳтиёжи бўйича тавсиялар ва буюртмалар бериш;
- ижтимоий ҳимояга масъул барча идоралар томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатилиши устидан мониторинг олиб бориш;
б) Маҳаллаларда комплекс ёндашув тизими асосида ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика штаби (кейинги ўринларда — Мувофиқлаштириш штаби) 1-иловага мувофиқ ташкил этилсин ва унга ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида қуйидаги вазифалар юклатилган:
- оилалардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда комплекс ёндашув тизимини йўлга қўйиш;
- оилалардаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш учун хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорлик қилиш;
- оилаларни иқтисодий ночор аҳволдан чиқариш ва меҳнат орқали барқарор даромад манбаи билан таъминлаш чораларини кўриш;
- соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш ҳамда тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга ўз вақтида сифатли тиббий кўмак кўрсатилишини ташкиллаштириш;
- юридик кўмак кўрсатиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш.
Мувофиқлаштириш штабининг ишчи органи этиб Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси белгиланди.
2022 йил 1 ноябрга қадар:
а) маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари томонидан ҳар икки ҳафтада Ҳудудий штабларга қуйидаги маълумотлар киритиб борилади:
- маҳаллаларда хонадонлар аҳволи, оилалардаги ҳақиқий ҳолат асосида уларнинг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжи;
- маҳаллалардаги оилаларни ўрганиш натижалари бўйича уларга аниқ ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича маълумотлар;
- мураккаб ва юқори технологик операцияларга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия буюмларига ва шу каби бошқа ижтимоий хизматларга оилаларнинг эҳтиёжи бўйича тавсиялар ва буюртмалар;
- маҳаллаларда хонадонлар аҳволини кузатиб бориш ҳамда аҳоли мурожаатлари асосида уларга ижтимоий хизмат кўрсатилишининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича маълумот;
б) Ҳудудий штаблар маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларидан келиб тушган маълумотларни ўз ҳудуди кесимида умумлаштирган ҳолда 2 кун муддатда уларни Мувофиқлаштириш штабига юборади;
в) Мувофиқлаштириш штаби келиб тушган маълумотлар асосида 3 кун муддатда ҳақиқатда ижтимоий хизматга эҳтиёжманд бўлган оилаларга Ҳудудий штаб аъзосининг масъул ходими томонидан манзилли ижтимоий хизмат кўрсатилишини ташкиллаштиради.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими негизида «Маҳаллада ижтимоий хизмат» автоматлаштирилган махсус электрон модулини 2022 йилнинг 1 августига қадар ишлаб чиқсин ва унинг ишга туширилишини таъминласин.
«Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули:
- маҳаллаларда оилаларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни ахборот-коммуникацион технологиялар асосида амалга ошириш бўйича махсус электрон дастурий таъминот ҳисобланади;
- фойдаланувчиси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳисобланади;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимининг таркибий қисми бўлиб, унинг функционал имкониятларини кенгайтириш, такомиллаштириш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади;
- маҳаллаларда давлат ижтимоий хизматини ёки ёрдамини кўрсатишда давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро электрон ҳамкорлигини амалга оширишга хизмат қилади.
- 2022 йил 1 августдан бошлаб, дастлаб Сурхондарё вилоятининг маҳаллаларида «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.
- 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, республиканинг бошқа барча маҳаллаларида «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими тўлиқ жорий этилади.
Маҳаллаларда хотин-қизлар фаоллари орқали «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модулини жорий этишнинг қуйидаги 3 босқичини назарда тутувчи тартиб белгиланди:
- а) биринчи босқичда — «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули доирасида маҳаллаларда ижтимоий хизматларга муҳтож бўлган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражаси автоматлаштирилган тарзда объектив қарор қабул қилиш орқали баҳоланади.
- Бунда, оилаларнинг маълум бир турдаги давлат ижтимоий хизматига бўлган эҳтиёжи фуқаролардан қўшимча ҳужжатлар талаб этмаган ҳолда сўровнома тарзда баҳолаш мезонларига мувофиқ аниқланади;
- б) иккинчи босқичда — «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модулида ҳар бир ижтимоий хизматга муҳтож бўлган оилалар учун индивидуал ижтимоий режалар тузилади.
- Бунда, индивидуал ижтимоий режалар оилаларга комплекс ёки маълум бир турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилишига қараб тузилади;
- в) учинчи босқичда — индивидуал ижтимоий режаларга мувофиқ оилаларга ижтимоий хизматларнинг кўрсатилиши жараёни «Маҳаллада ижтимоий хизмат» модули орқали мониторинг қилинади.