Хорижий давлатларнинг олий аттестация органлари томонидан 1992 йил 1 январгача фуқароларга берилган фан доктори ва номзоди дипломлари, профессор, доцент ва катта илмий ходим шаҳодатномалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳақиқий ҳисобланади.
Хорижий давлатлар аттестация органлари томонидан 1992 йил 1 январдан кейин Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига фан доктори ва номзоди илмий даражалари берилгани ҳақидаги ҳужжатлар, шунингдек, хорижий давлатларда фалсафа доктори (PhD) ва унга тенглаштирилган илмий даражалар олинганлиги ҳақидаги ҳужжатлар, Олий аттестация комиссияси томонидан нострификацияланади (қайта аттестациядан ўтказиш асосида тенглаштирилади).
Ваколатли орган: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- Талабгор иш жойидан (агар у ишлаётган бўлса) муассаса раҳбари имзолаган йўлланма хат ёки талабгорнинг имзоси нотариал тасдиқланган аризаси (1 нусха). Хатда (аризада) талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, иш жойи ва лавозими, шунингдек, қачон ва қайси давлатда илмий даража дипломини олганлиги, илмий даражанинг расмий номи, хорижда олинган ҳужжатнинг берилган куни, серияси ва рақами, диссертация мавзуси, қайси ихтисослик бўйича ҳимоя қилганлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.
- Муассаса раҳбарининг тегишли ихтисослашган кенгашга мурожаатномаси (аспирант ва докторантлар учун эса – уларни чет элда олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларида ўқишга юбориш учун буйруқ) нусхаси ҳамда агар илмий иш Ўзбекистонда тайёрланган бўлса – ОАК ушбу диссертациянинг хорижий давлатларда ҳимоя қилинишига рухсат бериб, хорижий давлатлар аттестация органларига юборган йўлланма хатининг нусхаси.
- Илмий даража дипломи (нусхаси олиниб, асли қайтарилади).
- Талабгорнинг иш жойидан тасдиқланган ёки унинг имзоси қўйилган ходимларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақаси (талабгор паспортининг нусхаси илова қилинади).
- Диссертация ҳимояси ўтган муассасанинг ҳамда ихтисослик номининг илмий котиб (агар у ишлаётган бўлса) имзоси билан тасдиқланган ёки талабгор томонидан имзоланган давлат тилидаги (лотин графикаси ҳарфлари билан) ва инглиз тилидаги шакллари.
- Меҳнат дафтарчасидан кўчирма.
- Талабгор ҳимоя қилган диссертация нусхаси ва мавжуд бўлган тақдирда – 2 нусха автореферат.
- Аттестация ишидаги ҳужжатлар рўйхати.
Хизмат учун тўлов: БҲМнинг 1 баравари.
Муддат: 1 ой ичида.