Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6516 марта ўқилди

Иш берувчи томонидан ходимни ходим учун белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишга жалб этиш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Иш вақтидан ташқари ишнинг соатлари миқдорини аниқлаш тартиби иш вақтини ҳисобга олиш турига боғлиқдир.

Иш вақти кунлик ҳисобга олинганда ходим учун белгиланган ҳар кунги иш (смена) вақтининг давомийлигидан ошадиган иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Иш вақти ҳафталик ҳисобга олинганда ходим учун белгиланган ҳафталик иш вақтининг давомийлигидан ошадиган иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда бир ҳафтадан ошадиган ҳисобга олиш даври учун ходимга белгиланган иш вақтининг давомийлигидан ташқари иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Иш берувчи томонидан ходимни унинг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишга жалб этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажарилган ишлар амалга оширилганда;
2) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилганда;
3) агар ишда танаффусга йўл қўйилмаса, смена алмашаётган ходим келмай қолганда ишни давом эттириш учун. Бундай ҳолда иш берувчи зудлик билан сменачини бошқа ходим билан алмаштириш чораларини кўриши шарт.

Иш сменасининг давомийлиги 12 соат бўлганида, шунингдек меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта хавфли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — 1 кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ошмаслиги керак.

Иш берувчи ходимнинг иш вақтидан ташқари ишининг давомийлиги аниқ ҳисобга олинишини таъминлаши шарт.

Chat