Иш берувчи ҳар йилнинг 1 декабригача тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимлар рўйхатини аниқлайди ва тиббий муассасага тақдим этади.
Мажбурий тиббий кўриклар ташкилотларга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, улар бўлмаган тақдирда эса ташкилот жойлашган ердаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан ўтказилади.
Мажбурий тиббий кўрикларни ўтказиш мажбурияти қонунчиликка мувофиқ мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим бўлган шахслар бошқа ишга ўтказилган тақдирда ҳам иш берувчининг зиммасига юклатилади.
Иш берувчи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд мажбурий тиббий кўрик натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажаришдан бўйин товлаган шахсларни ишдан четлаштириши шарт.
Агар ходим соғлиғининг ёмонлашиши меҳнат шароитлари билан боғлиқ деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари мажбурий тиббий кўрикдан ўтишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Мажбурий тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.