“Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тартиби белгиланган.
Кредит қуйидаги шартлар асосида ажратилади:
- бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан;
- 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
- бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда.
Шунингдек, қарз олувчи қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим, жумладан:
- кредит олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган бўлиши;
- “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг янги турмуш қурганлари (никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган бўлиши лозим);
- даромад манбаларига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга эга бўлиши.