Олий таълим муассасаларининг талабалари орасидан резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш мазкур муассасаларда ташкил этиладиган ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида (ҳарбий таълим факультетлари, ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув марказлари, ҳарбий кафедралар, цикллар ва курсларда) амалга оширилади.
Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимида ўқиётган эркак талабалари, шунингдек тиббий олий таълим муассасаларининг талабалари жинсидан қатъий назар ҳарбий тайёргарликдан ўтадилар.
Ҳарбий тайёргарликка 27 ёшгача бўлган саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли талабалар жалб қилинадилар.
Талабаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтишга қабул қилиш уларнинг шахсий аризаларига биноан ихтиёрий асосда амалга оширилади. Ҳарбий хизматни ўтаб келган талабалар ҳам резервдаги ва захирадаги офицерлар таълими дастури бўйича ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги талабаларнинг ҳарбий тайёргарлиги устидан назоратни, ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига офицерларни олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда танлаш ва тайинлашни амалга оширади. Ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг ўқитувчилигига ва бошқа лавозимларга ҳарбий хизматчиларни тайинлаш олий таълим муассасаларининг ректорлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг ҳарбий лавозимларига тайинланган ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчилар учун белгиланган кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланадилар.