Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14104 марта ўқилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси маблағлари ҳисобидан ҳар йили меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам ва санаторий йўлланмалари берилади.


Икки баравар миқдорида бир марталик моддий ёрдам

Боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Моддий ёрдам маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ёки шаҳар ҳокими ёрдамчисининг ёзма тавсияномаси асосида берилади.

Ногиронлиги бўлган оила аъзоларига беш баравар миқдорида ёрдам

Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг қуйидаги рўйхатлардан бирига киритилган ногиронлиги бўлган оила аъзоларига:

  • Ижтимоий реестрга;
  • «Темир дафтар»га;
  • «Аёллар дафтари»га;
  • «Ёшлар дафтари»га

дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотларни харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Мазкур ёрдам ҳам туман ёки шаҳар ҳокими ёрдамчисининг ёзма тавсияномаси асосида берилади.

Бепул санаторий йўлланмаси

Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи қуйидаги оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади:

  • пенсия ёшига етган оила аъзоларига;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига.

Мазкур ёрдам ва йўлланмалар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси маблағлари ҳисобидан ҳар йили ажратилади.

Chat