Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8313 марта ўқилди

Автомобиль бензини сотиб олиш харажатларининг бир қисми учун ойлик пул компенсацияси уни олиш ҳуқуқига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, енгил автомобиль, мотоаравача ёки мотоциклга эга бўлган ва ундан фойдаланадиган шахсларга тайинланади.


Компенсация олиш ҳуқуқига эга шахслар

Ойлик пул компенсацияси қуйидаги тоифадаги шахсларга тайинланади:

  • уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги туфайли I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • I ва II гуруҳ болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга.

Компенсация тайинланиши учун асосий шартлар

Компенсация тайинланиши учун шахс:

  • Ўзбекистон Республикасида доимий яшаши;
  • компенсация олиш ҳуқуқига эга тоифалардан бирига кириши;
  • енгил автомобиль, мотоаравача ёки мотоциклга эга бўлиши ва ундан фойдаланиши;
  • автомототранспорт воситаси белгиланган тартибда даврий давлат техник кўригидан ўтган бўлиши керак.

Қаерга мурожаат қилинади?

Ойлик пул компенсациясини тайинлаш учун шахс пенсия ва нафақаларни тайинловчи тегишли органга мурожаат қилади.

Фуқароларнинг аксарияти учун ваколатли орган — яшаш жойидаги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман ёки шаҳар бўлими ҳисобланади.

Ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа махсус тизимларда пенсия ёки нафақа олувчилар тегишли вазирлик ёки идоранинг ваколатли органига мурожаат қилади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар

Компенсация тайинлаш учун қуйидагилар тақдим этилади:

  • ариза;
  • ариза берувчининг биометрик паспорти ёки идентификация ID-картаси;
  • уруш қатнашчиси, уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахс ёки уларга тенглаштирилган шахслар учун — имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси.

Қуйидаги маълумотлар компенсация тайинловчи орган томонидан Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимларидан электрон тарзда олинади:

  • автомототранспорт воситаси эгасининг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақидаги маълумотлар;
  • автомототранспорт воситасининг техник паспорти ҳақидаги маълумотлар;
  • автомототранспорт воситасининг даврий давлат техник кўригидан ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар.

Ушбу маълумотлар асосида компенсацияни тайинлаш ёки рад этиш масаласи кўриб чиқилади.

Аризани кўриб чиқиш муддати

Барча зарур ҳужжатлар билан ариза берилганидан кейин компенсация тайинлаш масаласи 5 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Ижобий қарор компенсацияни тайинлайдиган органнинг фармойиши ёки қарори билан расмийлаштирилади.

Компенсация барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади.

Компенсация миқдори

Ойлик пул компенсацияси миқдори ҳар чоракда 20 литр автомобиль бензини қиймати миқдорида белгиланади.

Бунда чакана савдода энг кўп тарқалган бензин маркасининг ҳисобот давридан олдинги чоракдаги ўртача сотиш нархи инобатга олинади. Компенсация миқдори Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланади.

Компенсацияни тўлаш тартиби

Компенсация шахснинг яшаш жойи бўйича пенсия ва нафақаларни тайинловчи орган томонидан:

  • пенсия ва нафақалар учун белгиланган муддатларда;
  • алоҳида қайдномалар асосида;
  • тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот орқали

ҳар ой тўланади.

Компенсация тайинлашни рад этиш асослари

Қуйидаги ҳолларда компенсация тайинлаш рад этилиши мумкин:

  • ариза берувчи компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасига кирмаса;
  • фойдаланилаётган транспорт воситаси енгил автомобиль, мотоаравача ёки мотоцикл турига кирмаса;
  • транспорт воситаси даврий давлат техник кўригидан ўтмаган бўлса;
  • талаб қилинадиган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган бўлса.

Рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин 3 иш куни ичида ариза берувчига рад этиш сабаблари кўрсатилган хабарнома берилади ёки почта орқали юборилади.

Рад этиш сабаблари бартараф этилгандан кейин шахс такроран мурожаат қилиши мумкин.

Техник кўрикдан ўтилмаса

Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимларида автомототранспорт воситаси даврий давлат техник кўригидан ўтганлиги ҳақида маълумот мавжуд бўлмаса, компенсация тўлаш тўхтатиб турилади.

Техник кўрикдан ўтилгандан кейин транспорт воситаси эгасининг аризаси асосида тўлов техник кўрикдан ўтган кундан бошлаб тикланади.

Компенсация олувчи техник кўрикдан ўтгандан кейин бу ҳақда компенсация тайинловчи органни 10 кун ичида хабардор қилиши шарт.

Chat