Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7064 марта ўқилди

Қонунчиликда белгиланган шартлар ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси тайинланади.


Нафақа олиш ҳуқуқи шахснинг ёшидан қатъи назар берилади.

Ногиронлик нафақасини тайинлаш бўйича ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг туман ва шаҳарлардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ҳисобланади.

Кимлар нафақа олиш ҳуқуқига эга?

Ногиронлик нафақаси қуйидаги шартларнинг барчасига жавоб берадиган шахсга тайинланади:

  • шахсга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланган бўлиши;
  • шахс давлат пенсиясини тайинлаш учун қонунчиликда талаб қилинадиган зарур иш стажига эга бўлмаслиги;
  • ногиронлик тўғрисидаги маълумотлар «ТИЭК» ахборот тизимида мавжуд бўлиши.

Нафақа Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тайинланади.

Қаерга мурожаат қилинади?

Нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлган шахс ёки унинг қонуний вакили:

  • Давлат хизматлари марказига;
  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг ижтимоий ходимлар гуруҳига;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали

мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат қилувчи шахсан мурожаат қилганда сўровнома ДХМ ёки ижтимоий ходим томонидан электрон шаклда тўлдирилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда сўровнома мурожаат қилувчининг ўзи томонидан тўлдирилади.

Қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Нафақа тайинлаш учун зарур маълумотлар давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларидан электрон тарзда олинади.

Жумладан:

  • шахсга ногиронлик белгиланганлиги ҳақидаги маълумотлар — «ТИЭК» ахборот тизимидан;
  • қонуний вакилнинг ҳомий ёки васий эканлиги ҳақидаги маълумотлар — тегишли электрон ахборот тизимидан;
  • шахсга доир бошқа зарур маълумотлар — идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олинади.

Қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Аризани кўриб чиқиш тартиби

Сўровнома «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига юборилади.

Ахборот тизими:

  • мурожаат қилувчининг I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс эканлигини;
  • қонуний вакил мурожаат қилган бўлса, унинг тегишли ваколатини;
  • нафақа олиш ҳуқуқи мавжудлигини

электрон маълумотлар асосида автоматик текширади.

Текшириш натижасига кўра нафақа тайинлаш ёки уни тайинлашни рад этиш тўғрисида автоматик қарор қабул қилинади. Қарор ҳақида мурожаат қилувчига электрон тарзда ёки СМС-хабар орқали маълум қилинади.

Сўровномада хато бўлса

Агар сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилган бўлса, камчиликларни бартараф этиш учун мурожаат қилувчига 5 кун муддат берилади.

Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаса, давлат хизматини кўрсатиш рад этилади.

Мурожаат қилувчининг сўровномани тасдиқлашдан бош тортиши ҳам давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Нафақа қайси муддатга тайинланади?

Ногиронлик нафақаси шахснинг ёшидан қатъи назар, у I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган бутун муддатга тайинланади.

Нафақа тайинлашда ногиронлик ҳақидаги маълумотлар «ТИЭК» ахборот тизимидан олинади.

Нафақани тўлаш тартиби

Нафақа олувчининг хоҳишига кўра:

  • нақд пул шаклида — нафақани етказиб бериш ваколати юкланган ташкилот орқали;
  • нақд пулсиз шаклда — тижорат банкидаги депозит ҳисобварағи ёки банк картасига, шу жумладан ижтимоий картага ўтказиш орқали

тўланади.

Нафақа ҳар ойда белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечиктирмай тўланади.

2027 йил 1 январдан бошлаб ногиронлик нафақаси фақат ижтимоий карта орқали тўланади.

Нафақани қайта ҳисоблаш

Нафақа миқдори ёки уни ҳисоблаш тартиби қонунчиликда ўзгарган тақдирда, нафақа ваколатли орган томонидан автоматик равишда қайта ҳисобланади.

Қайта ҳисоблаш учун нафақа олувчининг алоҳида мурожаати талаб қилинмайди.

Chat