Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27905 марта ўқилди

Конструкциясида хавфсизлик камари мавжуд транспортни бошқараётган ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги йўловчи ҳаракат бошланишидан олдин камарни тақиши керак.

Мотоцикл, электромотоцикл, мопед, скутер ва кичик ҳажмдаги мототранспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳамда йўловчиси махсус мотошлем кийиши ва уни қадаши шарт.

Жавобгарлик

Хавфсизлик камари ёки мотошлемдан фойдаланиш қоидасини бузиш:

  • маъмурий огоҳлантиришга;
  • ёки 0,5 БҲМ жаримага сабаб бўлади.

Муҳим: огоҳлантириш автоматик равишда берилмайди. У шахс қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганда, бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаганда ва бир йилда бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда ваколатли орган томонидан қўлланади.

Хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик камера орқали ҳам қайд этилиши мумкин.

Камар тақмасликка рухсат берилган шахслар

Қуйидагиларга камар тақмасликка рухсат этилади:

  • автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар — болаларни ташиш қоидаларига риоя этилган ҳолда;
  • ўқувувчи бошқараётган ўқув-машқ транспортидаги инструктор;
  • ҳомиладор аёллар;
  • тегишли касаллик ва тиббий маълумотномаси туфайли камар тақиши мумкин бўлмаган беморлар;
  • хизмат вазифасини бажараётган, махсус ранг ва кўк ёки қизил маякчали транспорт ҳайдовчиси ҳамда йўловчилари.

Муҳим: 12 ёшга тўлмаган болани мотоцикл, электромотоцикл, мопед, скутер ёки кичик мототранспортнинг орқа ўриндиғида ташиш тақиқланади. Болани автомобилнинг олд ўриндиғида ташиш учун махсус ушлаб турувчи қурилма бўлиши шарт}

Талаблар Йўл ҳаракати қоидалари, жавобгарлик эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси билан белгиланган.

Chat