Иш изловчи шахс (талабгор) — мос келадиган иш жойини танлаш ва хорижда ишга жойлашишга кўмаклашиш хизматларидан фойдаланиш учун юборувчи ташкилотга мурожаат қилган жисмоний шахс, Ўзбекистон Республикаси фуқароси хисобланади.
Уюшган ҳолда танлаш тартибида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тегишли лицензия асосида хорижий давлатга ишга юбориш фаолиятини олиб борувчи юридик шахс Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун чет эллик иш берувчи ва (ёки) чет эллик шерик билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузади.
Уюшган ҳолда танлаш тартибида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тегишли лицензия асосида хорижий давлатга ишга юбориш фаолиятини олиб борувчи юридик шахснинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича чет эллик иш берувчи ва (ёки) чет эллик шерик билан ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномани тузмасдан, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиши тақиқланади.
Ходимлар ягона маълумотлар базаси талабгор тўғрисида қуйидаги ахборотни ўз ичига олади: Ф.И.О., паспорт маълумотлари, туғилган санаси ва йили, яшаш жойи, телефон рақамлари, маълумоти, мутахассислиги, иш тажрибаси, бошқа кўникмалари, фотосуратлари.
Ягона маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказилган ҳар бир талабгорга рўйхатдан ўтказилган шахсий рақам берилади.
Ўзбекистон Республикасининг талабгорларини хорижда ишга иш берувчилар реестрига киритилган иш берувчилар билан биргаликда жойлаштириш тавсия этилади.
Иш берувчилар реестри Агентлик томонидан юритилади ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
Юборувчи ташкилот томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «labor-migration» ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказилади.