– Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 89-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга риоя этилишининг кафилидир; Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хафвсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради; мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради ва ҳоказолар (93-модда). Ўзбекистон Республикасининг Президенти республика Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан етти йил муддатга сайланади.