Кредит-ахборот таҳлилий маркази кредит бюроси банк ва молия ташкилотларига мижозларнинг тўлов қобилиятини аниқлаш учун “Альтернатив скоринг” кредит ҳисоботини жорий этди. Бу ҳақда кредит бюросининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кредит ҳисоботи тизими жорий йилнинг 23 июнидан бошлаб ишга туширилди. У орқали расмий даромадга эга бўлмаган шахсларнинг тўлов қобилияти муқобил усуллардан фойдаланган ҳолда баҳоланади.
Бунда қарз олувчиларнинг сўнгги 12 ойлик молиявий фаоллиги уларнинг қуйидаги тўловлари асосида скоринг қилинади:
банк картаси транзакциялари;
Мажбурий ижро бюроси маълумотлари, шу жумладан белгиланган ва тўланган алимент тўловлари;
коммунал тўловлар маълумотлари.
Бундан ташқари, кредит ҳисоботи орқали банк ва нобанк ташкилотлари ушбу маълумотлар асосида шаклланган скоринг бали тўғрисидаги маълумотни ҳам олишлари мумкин бўладилар.
Бир дона “Альтернатив скоринг” ҳисоботи нархи БҲМнинг 0,05 баробарини — 18 750 сўм (1 августдан — 20 600 сўм) ни ташкил этади. Бунда нархлар ҚҚСсиз кўрсатилган.
Йил бошида қабул қилинган президент фармони билан расмий даромадга эга бўлмаган фуқароларга ипотека кредити ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини харажатлар орқали скоринг қилиш тартибини жорий этиш белгиланганди.
Кредит бюроларига “Электрон ҳукумат” тизими платформаси орқали расмий даромадсиз фуқароларни аниқлаш, уларни идентификация ва скоринг қилиш учун Солиқ қўмитасининг тегишли маълумотларидан фойдаланиш имконияти яратилади.