Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги қуйидаги ҳолларда олинади
- туғилганлик бўйича;
- бола фарзандликка олинганда;
- Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш ва уни тиклаш натижасида.
- Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва Қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам олиниши мумкин.
Фуқароликда тенглик
- Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди учун ягона фуқаролик ўрнатилади. Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни бир вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.
- Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, у қандай асосларда олинганлигидан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир.
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир.
- Ўзбекистон Республикасида ҳар бир инсон фуқаро бўлиш ҳуқуқига эгадир. Ҳеч ким Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан маҳрум қилиниши, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.
- Ўзбекистон Республикаси ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда унинг ҳудудидан ташқарида амалга оширади.
Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади
- 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс;
- Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин 1 йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий пропискадан ўтган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса;
- Қонун кучга кирган кунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлган шахс;
- Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахс.
- 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.
- Ўзини Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикасида камида ўн беш йил доимий яшаб келаётган ва мазкур давр мобайнида чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.
- Ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистон Республикасида яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.
- Назарда тутилган фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у
- чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;
- фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз 5 йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса;
- тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
- Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
- давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.
Фуқароликни олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
- сўровнома;
- яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси;
- никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (мавжуд бўлса);
- илтимосномада ариза берувчи боласини кўрсатиб ўтган тақдирда, боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва яшаш гувоҳномаси (мавжуд бўлса), бунда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган боланинг нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинади;
- тирикчиликнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (жисмоний шахснинг даромади ҳақидаги маълумотнома, солиқ инспекциясидан берилган жисмоний шахснинг даромади бўйича солиқ декларацияси, иш жойидан ойлик иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома, пенсия тайинланганлиги ҳақида маълумотнома, алимент тўланиши ҳақида маълумотнома, кредит ташкилотига қўйилган маблағи мавжудлиги ҳақидаги ҳисобварағи кўрсатилган ҳолда берилган маълумотнома, ариза берувчи кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг даромадлари ҳақида маълумотнома, шунингдек, бошқа қонуний даромадларини тасдиқловчи ҳужжат);
- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.
Давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билишини тасдиқловчи ҳужжат ваколатли орган томонидан идоралараро маълумот алмашинуви тизими орқали олинади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид материалларни кўриб чиқишни тугатиш асослари.