Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10 марта ўқилди

Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида адвокатлар хизматидан кенг фойдаланмоқда. Адвокат билан тузиладиган шартнома — ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга соладиган асосий ҳужжат ҳисобланади. Шу боис, шартнома муносабатларига киришаётганда қуйидаги муҳим фактларни билиш ҳар бир фуқаро ва ташкилот учун фойдалидир.


1. Шартноманинг ёзма шаклда тузилиши

Адвокат билан ҳуқуқий хизмат кўрсатиш шартномаси албатта ёзма шаклда тузилиши шарт. Оғзаки келишув ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга бўлмайди. Ёзма шартнома томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб беради ҳамда келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган низоларни олдини олади.


2. Шартномада белгиланиши зарур бўлган асосий шартлар

Адвокат қайси ишларни бажариши (масалан, судда вакиллик, ҳужжатлар тайёрлаш, маслаҳат бериш ва ҳ.к.), шартнома қачондан кучга кириши ва қачон тугаши, хизмат нархи, тўлов усули ва муддати аниқ кўрсатилиши лозимлиги, адвокатнинг ҳимоя қилиш ёки вакиллик қилиш мажбурияти, мижознинг эса ўз вақтида ахборот бериш ва тўловни амалга ошириш мажбурияти ва шартнома шартлари бузилганда томонларнинг жавобгарлиги белгиланиши керак.


3. Адвокатнинг мақоми ва ваколатини текшириш

Шартнома тузишдан олдин адвокатнинг адвокатлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги (лицензия ёки гувоҳнома) ва адвокатлик бюроси, фирмаси ёки ҳайъатига аъзолиги текшириб кўрилиши лозим. Бу келгусида ҳуқуқий муаммоларнинг олдини олади.


4. Махфийлик ва ишонч тамойили

Адвокат билан тузилган шартномада махфийлик тамойилига алоҳида эътибор берилади. Адвокат мижоздан олган барча маълумотларни сир сақлаш мажбуриятига эга. Мижоз эса адвокатга ишонч билан тўлиқ ва аниқ маълумот тақдим этиши зарур.


5. Шартномани бекор қилиш тартиби

Шартнома томонларнинг ўзаро келишуви асосида ёки қонунда белгиланган асослар бўйича бекор қилиниши мумкин. Бу тартиб ҳам шартномада аниқ кўрсатилиши лозим.


6. Ҳуқуқий хизмат учун ҳақ тўлашнинг шаффофлиги

Баъзан мижозлар олдиндан хизмат нархини аниқ билмаганлиги сабабли низо келиб чиқади. Шунинг учун тўлов миқдори, қўшимча харажатлар ва улар юзага келганда тўлаш тартиби шартномада батафсил кўрсатилиши керак.


Хулоса ўрнида айтиш керакки, адвокат билан тузиладиган шартнома — мижознинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлайдиган муҳим ҳужжатдир. Уни имзолашдан олдин барча бандларни диққат билан ўқиб чиқиш, адвокатнинг ваколатини текшириш ва келишувларни ёзма равишда мустаҳкамлаш — ҳар бир фуқаро ва ташкилот учун зарур кафолатдир.

Chat