Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19591 марта ўқилди

Ҳодисадан кейин дарҳол

ЙТҲга дахлдор ҳайдовчи:

  • транспорт воситасини дарҳол тўхтатиши;
  • авария ишораларини ёқиши;
  • авария сабабли тўхташ белгисини ўрнатиши;
  • автомобиль ва ҳодисага дахлдор буюмларни жойидан қўзғатмаслиги;
  • ҳодиса жойи, автомобилларнинг жойлашуви, давлат рақамлари, йўл излари ва барча шикастларни фото ёки видеога олиши;
  • гувоҳларнинг исм-фамилияси ва алоқа маълумотларини ёзиб олиши керак.

Агар автомобиллар ҳаракатга тўсқинлик қилса, уларнинг жойлашуви, излар ва буюмлар олдиндан гувоҳлар иштирокида ҳамда фото ёки видео орқали қайд этилади. Шундан кейингина қатнов қисми бўшатилиши мумкин.

Умумий расмийлаштириш тартиби

Агар европротокол шартларидан бирортаси бажарилмаса:

  • ҳодиса ҳақида 102 орқали ички ишлар органига хабар берилади;
  • ЙҲХХ ёки ички ишлар органи ходими келгунига қадар ҳодиса жойида кутилади;
  • суғурталовчига имкони борича дарҳол хабар берилади;
  • ҳодиса белгиланган тартибда схема, баённома, тушунтиришлар ва бошқа материаллар билан расмийлаштирилади.

Ҳужжатларни имзолашдан олдин схема, автомобилларнинг жойлашуви ва барча ташқи ҳамда эҳтимолий яширин шикастлар тўғри қайд этилганини текшириш керак.

Европротокол қачон қўлланади

Ички ишлар органи ходимисиз ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома тузиш учун қуйидаги шартларнинг барчаси бир вақтда мавжуд бўлиши керак:

  • ҳеч кимга, жумладан енгил тан жароҳати ҳам етказилмаган;
  • пиёда иштирок этмаган;
  • фақат иккита транспорт воситаси тўқнашган;
  • фақат шу икки транспорт воситаси шикастланган;
  • ҳайдовчилардан бири ўз айбига тўлиқ иқрор;
  • ҳар икки транспорт эгасининг фуқаролик жавобгарлиги ҳодисадан олдин суғурталанган;
  • ҳайдовчиларда амал қилувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси, рўйхатдан ўтказиш ҳужжати ва зарур бўлса ишончнома ҳамда йўл варақаси мавжуд;
  • ҳайдовчилар маст эмас;
  • ҳодиса ҳолатлари ва автомобилларнинг шикастланган қисмлари юзасидан келишмовчилик йўқ.

Муҳим: ушбу шартлардан биттаси мавжуд бўлмаса, европротокол тузмасдан 102 га хабар бериш керак.

Европротоколни расмийлаштириш

Ҳайдовчилар ҳодиса жойида дарҳол ЙТҲ тўғрисидаги хабарномани икки нусхада тузади.

Қуйидагилар қайд этилади:

  • тўқнашув жойи ва автомобилларнинг дастлабки ҳолати;
  • транспорт воситалари ва давлат рақамлари;
  • барча шикастланган қисмлар;
  • ҳодиса схемаси;
  • айбни тўлиқ тан олган ҳайдовчининг баёноти;
  • ҳар икки ҳайдовчининг имзоси.

Хабарнома тузилган вақтдан бошлаб 4 соат ичида ҳар икки ҳайдовчи мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий текширувдан ўтиши керак.

Хабарнома ва унга илова қилинадиган материаллар суғурталовчига 3 иш куни ичида юборилади. Уни суғурталовчининг мобиль иловаси орқали электрон шаклда юбориш мумкин.

2026 йилдан жабрланувчи ўз суғурталовчисига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ёки айбдор тарафнинг суғурталовчисига товон тўлаш ҳақида ариза беришни танлаши мумкин.

Автомобилни таъмирлаш

Суғурталовчи кўрик ёки экспертиза ўтказиши мумкин. Унинг сўрови олинса, транспорт воситаси 3 иш куни ичида тақдим этилади.

Суғурталовчининг ёзма розилигисиз ёки товон тўлаш ёхуд рад этиш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар автомобилни таъмирлаш ёки утилизация қилиш мумкин эмас.

Суғурталовчи шикастланган мол-мулкни мурожаатдан кейин, қоида тариқасида, 5 иш куни ичида кўрикдан ўтказиши керак.

Суғурта товони

Суғурталовчи ариза ва зарур ҳужжатлар олинганидан кейин 15 кундан кечикмай товон тўлаш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши керак.

Тўлов ҳақида қарор қабул қилинса, товон 5 иш кунидан кечикмай тўланади.

Айбдор транспортнинг суғуртаси бўлмаса ёки зарар етказган транспорт эгаси номаълум бўлса, қонунда назарда тутилган ҳолларда Тўловларни кафолатлаш жамғармасига компенсация учун мурожаат қилиш мумкин.

Ҳайдовчининг мажбуриятлари Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидалари, европротокол ва суғурта товони тартиби эса «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган.

Chat