Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши давлат ҳокимиятининг вакиллик органи ҳисобланади. У ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари ҳамда белгиланган регламент асосида амалга оширади. Маҳаллий Кенгаш фаолияти жамоа бўлиб ва эркин муҳокама қилиш, ошкоралик ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш тамойилларига асосланади.
Маҳаллий Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари
Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятининг асосий йўналишларини тасдиқланган иш режаси асосида белгилайди. Ушбу иш режаси депутатлар, доимий комиссиялар, партия гуруҳлари ҳамда тегишли таклифлар асосида шакллантирилади. Кенгаш иш режасининг бажарилиши сессияларда ва сессиялар оралиғида доимий комиссиялар мажлисларида муҳокама қилиб борилади.
Маҳаллий Кенгашга ким раҳбарлик қилади?
Маҳаллий Кенгашга унинг депутатлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади. Кенгаш раиси Кенгаш ишини ташкил этади, сессияларда раислик қилади ва кўриб чиқиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади. Шу билан бирга, вилоят, туман ёки шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгаш раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Маҳаллий Кенгашнинг асосий ваколатлари
Маҳаллий Кенгаш ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тасдиқлайди, маҳаллий бюджетни кўриб чиқади ва қабул қилади, унинг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Шунингдек, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини қонунчиликда белгиланган доирада белгилайди, ҳоким ва унинг ўринбосарлари ҳисоботларини эшитади, турли соҳалар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботларини кўриб чиқади. Кенгаш, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳудудни ривожлантириш ва фуқаролар манфаатларини таъминлашга қаратилган бошқа масалаларни ҳам ҳал қилади.
Сессия — Кенгашнинг асосий иш шакли
Маҳаллий Кенгашнинг асосий иш шакли сессия ҳисобланади. Сессиялар заруратга қараб, камида ҳар чоракда бир марта чақирилади. Сессия ўтказиладиган вақт, сана, жой ва кун тартиби депутатларга олдиндан етказилади. Сессиялар, қоида тариқасида, очиқ ва ошкора ўтказилади ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилиши мумкин. Зарур ҳолларда ёпиқ сессия ҳам ўтказилиши мумкин.
Сессия кун тартиби қандай шакллантирилади?
Сессия кун тартиби маҳаллий Кенгаш раиси, партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва депутатлар томонидан берилган таклифлар асосида тайёрланadi. Муҳокамага киритиладиган муҳим масалалар бўйича ишчи гуруҳлар тузилиши, мутахассис ва экспертлар жалб қилиниши мумкин. Сессия кун тартиби маҳаллий Кенгаш қарори билан тасдиқланади.
Сессияларда иштирок ва қарор қабул қилиш тартиби
Агар сессияда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этса, у ваколатли ҳисобланади. Сессияда депутатлардан ташқари сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, қуйи Кенгаш депутатлари, давлат органлари, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа таклиф этилган шахслар ҳам иштирок этиши мумкин. Бироқ улар қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.
Сессия баённомаси ва ҳужжатлар
Ҳар бир сессияда баённома юритилади. Баённомада сессия ўтказилган сана, жой, иштирокчилар сони, кун тартиби, маърузачилар, овоз бериш натижалари ва қабул қилинган қарорлар қайд этилади. Сессия баённомаси раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади ҳамда унинг асл нусхаси маҳаллий Кенгаш котибиятида сақланади.