Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33 марта ўқилди

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатига бериладиган гувоҳнома ҳамда кўкрак нишони депутатнинг мақомини ва ваколатини тасдиқловчи расмий белгилар ҳисобланади. Уларни бериш, сақлаш ва фойдаланиш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган.


Депутат гувоҳномаси нима?

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг гувоҳномаси депутатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлар билан белгиланган ваколатини тасдиқловчи расмий ҳужжатдир. У депутат тегишли сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин сайлов комиссияси раиси ёки унинг ўринбосари томонидан берилади.

Гувоҳнома қачон ва кимга берилади?

Гувоҳнома депутат сайланганидан ва тегишли сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин берилади. Вилоят ва туман Кенгаши депутатларига гувоҳнома билан бир вақтда давлат йўловчилар транспортининг айрим турларида қонунчиликда белгиланган тартибда бепул юриш ҳуқуқини берувчи илова варақаси ҳам топширилади.

Гувоҳномадан фойдаланиш муддати

Депутат ўзига берилган гувоҳномадан ўз ваколат муддати давомида фойдаланади. Тегишли Кенгашнинг ваколат муддати тугагандан кейин гувоҳнома депутат этиб сайланган шахсда қолади. Агар депутатнинг ваколати муддатидан илгари тўхтатилса, гувоҳнома тегишли вилоят, туман ёки шаҳар ҳокимлигига қайтарилиши керак.

Гувоҳноманинг асосий тавсифи

Гувоҳнома муайян ўлчамдаги қаттиқ муқовали китобча шаклида тайёрланади. Вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари учун муқова ранглари турлича белгиланган. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби, депутатнинг шахсий маълумотлари, тегишли Кенгаш номи, фотосурати, сайлов комиссияси раиси имзоси ва муҳри жойлаштирилади. Гувоҳномадаги матнлар лотин ва кирилл ёзувида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Бепул юриш ҳуқуқини берувчи илова варақаси

Вилоят ва туман Кенгаши депутатларига бериладиган илова варақаси тегишли ҳудудда давлат йўловчи транспортининг айрим турларида бепул юриш ҳуқуқини беради. Бу варақада гувоҳнома рақами ва мазкур ҳуқуқни тасдиқловчи тегишli матн кўрсатилади.

Кўкрак нишони нима учун берилади?

«Вилоят (туман, шаҳар) Кенгаши депутати» кўкрак нишони депутатнинг расмий мақомини кўрсатувчи белги ҳисобланади. У ҳам депутат тегишли сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин сайлов комиссияси раиси ёки унинг ўринбосари томонидан берилади. Кўкрак нишони кўкракнинг чап томонига тақилади.

Кўкрак нишонидан фойдаланиш тартиби

Депутатнинг ваколат муддати тугаганда ёки ваколати муддатидан илгари тўхтатилганда кўкрак нишонини тақиб юриш ҳуқуқи ҳам тугайди. Ваколат муддати тугагач, нишон депутатда қолади. Агар ваколат муддатидан олдин тўхтатилса, нишон ҳам тегишли ҳокимликка қайтарилиши шарт.

Кўкрак нишонининг тавсифи

Кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғига ўхшатиб ишланади. У махсус қотишмадан тайёрланиб, мовий, оқ ва яшил ранглар билан безатилади. Нишонда ярим ой, юлдузлар ва “ВИЛОЯТ (ТУМАН, ШАҲАР) КЕНГАШИ ДЕПУТАТИ” деган ёзувлар бўлади. Нишоннинг ўлчами вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари учун турлича белгиланган.

Chat