Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 57 марта ўқилди

Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувлар чекланади


“Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–63-сон, 17.04.2026 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан амалдаги функцияларига қўшимча равишда қуйидаги янги имкониятларга эга “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ва унинг мобил иловаси ишга туширилади:

♦ тадбиркор фаолият юритадиган жойдаги туман (шаҳар) ҳокими, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари ҳақида маълумот олиш ва уларга мурожаат қилиш (чат) тизимини яратиш;

♦ ўтказилган текширувлар ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотлар натижаси бўйича давлат хизматчиси хатти-ҳаракатларига баҳо бериш;

♦ текшириш ҳуқуқи бўлмаган ёки текширувга чиқиши белгиланмаган назоратчи ҳақида реал вақт режимида тадбиркорни хабардор қилиш ва бошқалар.

Қуйидагилар 2026 йил 1 августдан бошлаб жорий этилади:

♦ назорат қилувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахслари ва ходимлари (давлат хизматчиси) ҳамда тадбиркорлар ўртасида назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида ҳисобга олиш тартиби;

♦ “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган барча текширувларни, шу жумладан, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширувлар ва профилактика тадбирларини рўйхатга олишни ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотларни ҳисобга олишни таъминловчи “Бизнес ҳимоя” QR-коди.

Тадбиркор ва давлат органи ўртасидаги мулоқотнинг шаффофлиги таъминланади


Фармонга кўра, давлат хизматчиси давлат органи номидан ёки ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркор фаолият юритадиган бинога назорат ёки профилактика тадбирини ўтказиш мақсадисиз ташриф буюриши ёхуд тадбиркорни бошқа жойга чақириши назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқот (мулоқот) сифатида баҳоланади. 

✅ “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига мулоқот ҳақидаги маълумотларни киритиш давлат хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади ва ушбу талабга риоя этмаганлик тегишли тартибда хизмат текшируви ўтказилиши учун асос бўлади.

▶️ Бўлиб ўтган мулоқотнинг асосли ёки асоссиз эканлигига баҳо бериш тегишли давлат органининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ёки ушбу функцияни амалга ошириш юклатилган бўлинма ёхуд мансабдор шахс томонидан амалга оширилади.

☑️ Айни бир тадбиркорлик субъекти билан 1 йил давомида 2 ва ундан ортиқ маротаба асоссиз мулоқотга киришган давлат хизматчисига қуйидаги чоралар қўлланади:

► давлат органининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси томонидан хизмат текшируви ўтказилади;

► айни шу тадбиркорлик субъектида ўтказиладиган назорат тадбирларига охирги мулоқот қайд этилган санадан эътиборан 12 ой давомида иштирок этишига йўл қўйилмайди;

► мазкур тақиққа риоя этмаслик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузиш ҳисобланади ҳамда текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома амал қилишининг 3 ойгача тўхтатиб турилишига олиб келади;

► тадбиркор фаолиятини текшириш ва улар билан мулоқот қилиш тартибини сурункали тарзда бузувчи шахслар 6 ой муддатга Инсофсиз текширувчилар реестрига киритилади.

Тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги мулоқотда ҳисобдорлик таъминланади


Фармонга кўра, 2026 йил 1 августдан:

▪️ тадбиркор фаолиятини текширишда иштирок этадиган ёки тадбиркор билан мулоқотга киришадиган давлат хизматчилари “Ягона давлат назорати” ахборот тизимининг мобил иловасидан фойдаланишлари мажбурий этиб белгиланади;

▪️ “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаларнинг электрон шаклини юритиш орқали уни қоғоз кўринишида расмийлаштириш тартиби бекор қилинади;

“Бизнес ҳимоя” QR-кодини жорий этиш доирасида:

▫️ тадбиркор томонидан назорат қилувчи орган мансабдор шахсига Текширувларни рўйхатга олиш электрон китобини тақдим этиш тартиби бекор қилинади;

▫️ назорат қилувчи орган мансабдор шахси тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказишдан олдин “Ягона давлат назорати” ахборот тизимининг мобил иловаси ёрдамида тадбиркордаги “Бизнес ҳимоя” QR-кодини сканерлаш орқали текширувни рўйхатга олади;

► давлат хизматчилари “Бизнес ҳимоя” QR-коди орқали текшириш ёки мулоқот ҳақидаги маълумотни белгиланган тартибда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритмаса, тадбиркорлар давлат хизматчисини текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ва мулоқотга киришмаслик ҳуқуқига эга.

2026 йил 1 июлдан тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида автоматик тарзда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида уларнинг шахсий кабинети композит тартибида очилади.

Chat