Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17771 марта ўқилди

Кичик уй ҳайвонлари ва паррандалар

Кичик уй ҳайвонлари ва паррандаларни:

  • ветеринария қоидаларида тақиқланмаган бўлса;
  • ветеринария маълумотномаси мавжуд бўлса;
  • қафас, қути, сават ёки бошқа мос идишда;
  • вагон ва бошқа йўловчилар буюмларини ифлослантирмайдиган тарзда ташиш мумкин.

Ташиш белгиланган тариф бўйича расмийлаштирилади. Шаҳар атрофи поездларидан ташқари ҳолларда йўловчига «Йўловчининг қўлидаги багаж» қайди билан багаж квитанцияси берилади.

Итларни ташиш

Йирик, шу жумладан хизмат итлари ветеринария маълумотномаси билан:

  • багаж вагонида махсус контейнерда;
  • локомотивдан кейинги биринчи плацкарт вагоннинг ишлатилмайдиган тамбурида — 2 тагача;
  • шаҳар атрофи поезди тамбурида — 2 тагача;
  • тўлиқ чипта олинган ёки купенинг барча жойлари сотиб олинган ҳолда ташилиши мумкин.

Қафас ёки бошқа идишда бўлмаган ит тумшуқбоғ ва тасмада бўлиши шарт.

Муҳим: кўзи ожиз шахснинг йўл бошловчи ити барча вагонларда унинг ёнида бепул ташилади.

Бир гуруҳ итларни ташиш учун поезд жўнашидан камида 5 сутка олдин ташувчига буюртманома берилиши керак. Бундай ташиш алоҳида вагонда ижара асосида амалга оширилади.

Багаж вагонида ташиш

Итлар, паррандалар, кичик ҳайвонлар ва арилар багаж вагонига поезд жўнашидан кўпи билан 3 соат олдин қабул қилинади.

Улар манзил станциясида поезд келганидан кейин 12 соатдан кечиктирмай олиб кетилиши керак.

Ҳайвонларни боқиш ва парваришлаш уларнинг эгаси ёки ҳамроҳлик қилувчи шахс зиммасига юклатилади.

Ёввойи ҳайвонлар, кемирувчилар, катта ва кичик шохли чорва ҳамда отларни йўловчи поездларида ташиш тақиқланади.

Ариларни ташиш

Арилар багаж вагонида ташқи ҳаво ҳарорати +10°C дан юқори бўлмаганда қабул қилинади.

Улар ари уяси ёки фанерли пакетда, шу поездда кетаётган кузатувчи назоратида ташилади. Уяларнинг шамоллатиш тешиклари тўсиб қўйилмаслиги керак.

Кўчатлар ва ўсимликлар

Ўсимлик, кўчат ва бошқа экиш материаллари:

  • уларнинг сақланишини таъминлайдиган ўрамда;
  • бошқа багажни ифлослантирмайдиган ҳолда;
  • ҳар бир жойи 25 килограммдан;
  • баландлиги 2 метрдан ошмаган ҳолда қабул қилинади.

Карантин эълон қилинган ҳудуддаги станциядан жўнатилаётганда тегишли карантин ҳужжати тақдим этилиши шарт.

Тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан белгиланган.

Chat