Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13740 марта ўқилди

Чиптани қайтариш

Йўловчи ҳаво кемаси учгунига қадар ёки парвоз бошланганидан кейин йўналишнинг оралиқ манзилида ташишдан воз кечиши мумкин.

Қайтариладиган сумма:

  • фойдаланилган маршрут қисмига;
  • тариф шартларига;
  • ташувчининг йиғимларига;
  • қайтариш вақтига қараб белгиланади.

Чипта эгаси вафот этган ёки соғлиғи оғирлашган ҳолларда йўловчи, унинг вакили ёки тегишли ҳуқуққа эга шахс пулни қайтаришни сўраши мумкин.

Муҳим: пул, қоида тариқасида, чипта учун фойдаланилган тўлов усули ва пул бирлигида қайтарилади.

Дубликат олиш

Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган қоғоз чипта ўрнига йўловчининг мурожаати асосида дубликат берилиши мумкин.

Йўловчидан йўқолган чипта топилса, уни ташувчига ёки ваколатли агентга қайтариш ҳақида тилхат олинади. Тилхат бериш рад этилса, ташувчи янги чипта сотиб олишни таклиф қилиши мумкин.

Дубликат учун йиғим ундирилади. Чипта ташувчи ёки унинг агенти айби билан йўқолган ёхуд яроқсиз бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Чипта ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳолатлар

Ташувчи қуйидаги чиптани ҳақиқий эмас деб топиши мумкин:

  • тасдиқланмаган тузатишлар киритилган;
  • сотувчи агент, сотиш санаси ёки жойи ҳақидаги зарур белгилар мавжуд бўлмаган;
  • қалбакилаштирилган;
  • белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган чипта.

Бузилган ёки хатоси бор чипта ҳақиқийлиги ташувчи томонидан тасдиқланса, йўловчи ташишга қабул қилиниши мумкин.

Амал қилиш муддати

Оддий тарифдаги чипта:

  • ташиш бошланган бўлса — ташиш бошланган санадан;
  • ташиш бошланмаган бўлса — чипта расмийлаштирилган санадан бошлаб бир йил амал қилади.

Махсус тарифдаги чиптанинг муддати ташувчининг тариф қоидалари билан белгиланади.

Рейс бекор қилиниши, жадвал бузилиши, ташувчи айби билан туташ рейс қолдирилиши, банд қилинган жой берилмаслиги ёки хизмат кўрсатиш тоифаси ўзгартирилиши каби ҳолларда чипта муддати энг яқин мос рейсгача узайтирилиши мумкин.

Муҳим: касаллик сабабли парвозни давом эттириш имкони бўлмаса, чипта муддатини узайтириш учун ёзма тиббий хулоса тақдим этилади.

Мазкур тартиб 2238-сон Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидалари билан белгиланган.

Chat