Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12503 марта ўқилди

Багаж етиб келмаганида

Агар багаж манзил аэропортига етиб келмаган, кам чиққан ёки шикастланган бўлса, ташувчининг белгиланган шаклида ташиш шартномаси бузилганлиги тўғрисида далолатнома тузилиши керак.

Далолатноманинг бир нусхаси йўловчига берилади. Мурожаатда қуйидагилар кўрсатилиши мақсадга мувофиқ:

  • йўловчининг алоқа маълумотлари;
  • рейс ва чипта маълумотлари;
  • багаж биркасининг рақами;
  • багажнинг ташқи кўриниши;
  • ичидаги асосий буюмлар;
  • багажни етказиб бериш манзили.

Муҳим: багаж тасмасида багаж чиқмаганини аниқлашингиз билан аэропортдан чиқиб кетмасдан авиакомпания ёки багаж қидирув хизматига мурожаат қилинг.

Багажни қидириш

Ташувчининг қоидаларида:

  • багаж ва унинг эгасини қидириш;
  • топилган багажни эгасига етказиш;
  • олиб кетилмаган багажни сақлаш;
  • талабларни кўриб чиқиш;
  • йўқолган, шикастланган ёки ушлаб қолинган багаж учун компенсация тўлаш тартиби белгиланиши керак.

Багаж ташишда бир нечта ташувчи иштирок этган бўлса, йўловчи зарарни қоплаш талаби билан биринчи ёки охирги ташувчига мурожаат қилиши мумкин.

Олиб кетилмаган багажни сақлаш

Йўловчилар багажлари тарқатиб бўлинганидан кейин олиб кетилмаган багаж аэропортнинг тегишли хизматига топширилади.

Бундай багаж:

  • маҳаллий ёки Ўзбекистон ташувчиси томонидан олиб келинган бўлса — аэропортда кўпи билан 3 ой;
  • чет эл ташувчиси томонидан олиб келинган бўлса — кўпи билан 7 кун сақланади.

Чет эл ташувчиси олиб келган ва олиб кетилмаган багаж ушбу муддатдан кейин уни олиб келган ташувчининг рейси билан қайтариб юборилади.

Муҳим: сақлаш муддати ўтгунга қадар багажга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи чипта, багаж биркаси ёки бошқа далиллар билан мурожаат қилиш лозим.

Багажни очиш ва йўқ қилиш

Тез бузиладиган маҳсулотларда бузилиш аломатлари аниқланса, багаж божхона вакили иштирокида очилиб, бундай маҳсулотлар далолатнома асосида олиб ташланиши мумкин.

Сақлаш муддати тугаган багаж махсус комиссия қарори асосида йўқ қилинади. Қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо ва яримқимматбаҳо тошлар ҳамда табиий марваридлар йўқ қилинмайди. Уларни тасарруф этиш масаласи суд тартибида ҳал қилинади.

Багажни қидириш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби 2238-сон Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидалари билан белгиланган.

Chat