Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20536 марта ўқилди

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга таъсир кўрсатишга, шунингдек уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни 18 ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида (бундан буён матнда тегишли ҳудуд деб юритилади) доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас.

Фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказишда ошкоралик:

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ташкил этилаётганда ҳамда ўтказилаётганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида фуқаролар воқиф этилади, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ҳақида, овоз бериш якунлари тўғрисида хабардор қилинади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида 5 кун олдин жойлаштирилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Туман ёки шаҳар ҳокими фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва ўзининг ушбу номзодлар бўйича асослантирилган хулосаларини кейинчалик ишчи гуруҳларга топшириш учун тегишли комиссияларга юборади.

Овоз беришни ўтказиш тартиби

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўйича овоз бериш ўтказилаётганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) иштирокчиларига сайлов бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан берилади.

Бюллетенга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилади.

Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлашда бюллетенларни бериш бевосита овоз беришдан олдин бошланади.

  • Бюллетень овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади.
  • Овоз берувчи тўлдирилган бюллетенни сайлов қутисига ташлайди.
  • Сайлов қутилари овоз бериш тугаганидан кейин саноқ комиссияси томонидан очилади.

  • Овозларни санаш натижалари бўйича саноқ комиссияси томонидан баённома тузилади ва баённома саноқ комиссиясининг раиси ҳамда аъзолари томонидан имзоланади.

Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган деб ҳисобланади.

  • Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) сайлов якунлари бўйича қарор қабул қилади, бу қарор фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади.
Chat