Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22742 марта ўқилди

Жаримани ихтиёрий тўлаш

Жиноят-ижроия кодексига мувофиқ, жарима тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс жаримани ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой ичида ихтиёрий равишда тўлаши шарт.

Жиноятни 18 ёшга тўлмасдан содир этган шахс жаримани ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб олти ой ичида тўлайди.

Жарима белгиланган муддатда тўланмаса, вояга етган маҳкумга нисбатан у давлат ижрочиси томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун асосида мажбурий ундирилади.

Тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш

Маҳкум жаримани тўлиқ ва белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаса, судга асослантирилган илтимоснома бериши мумкин.

Суд Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддаси асосида жаримани тўлашни олти ойгача кечиктириши ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериши мумкин.

Илтимосномага оғир моддий аҳволни тасдиқловчи ҳужжатлар, жумладан даромад, оила таркиби, даволаниш харажатлари ва бошқа муҳим ҳолатларга оид маълумотларни илова қилиш мақсадга мувофиқ.

Муҳим: кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш автоматик равишда берилмайди. Бу масалани маҳкумнинг ҳолатини ҳисобга олган ҳолда суд ҳал қилади.

Жарима тўлашдан бўйин товлаш

Жиноят кодексининг 44-моддасига мувофиқ, қуйидаги ҳолатларда жариманинг тўланмаган қисми суд томонидан бошқа жазога алмаштирилиши мумкин:

  • мажбурий ижро учун белгиланган муддатда жаримани тўлашдан бўйин товланса;
  • ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк мавжуд бўлмаса;
  • кечиктириш муддати тугаганидан кейин жарима тўланмаса;
  • бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари бузилса.

Жарима мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши мумкин.

Вояга етмаган шахсга тайинланган жаримани алмаштиришда Жиноят кодексининг 82-моддасидаги махсус қоидалар қўлланилади.

Chat