Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27496 марта ўқилди

Ногиронлиги бўлган ёшларга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан:

  • нодавлат таълим ташкилотида ўқиш харажатлари;

  • ўқиш давридаги яшаш ва транспорт харажатлари;

  • тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш учун асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш бўйича субсидиялар ажратилади.

Кимлар мурожаат қилиши мумкин?

Ўқиш, яшаш ва транспорт харажатлари учун субсидияга 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган шахслар мурожаат қилиши мумкин.

16 ёшга тўлмаган шахс номидан унинг қонуний вакили ариза беради.

Ўқиш харажатлари учун субсидия

Субсидия қуйидаги йўналишларда ўқиш учун ажратилади:

  • касб-ҳунар ва касбий кўникмалар;
  • ахборот технологиялари ва дастурлаш;
  • умумтаълим фанлари;
  • хорижий тиллар.

Ҳар ойлик субсидия миқдори:

  • касб-ҳунар, касбий кўникма, IT ва дастурлаш учун — 5 БҲМгача;
  • умумтаълим фанлари учун — 3 БҲМгача;
  • хорижий тиллар учун — 3 БҲМгача.

Субсидия фақат битта ўқув курси учун, кўпи билан 12 ойга ажратилади. Бир нафар ёшга ажратиладиган субсидияларнинг умумий миқдори 50 БҲМдан ошмайди.

Яшаш ва транспорт харажатлари

Ўқиш харажатлари учун субсидия тасдиқланган ёшларга зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатлари ҳам қоплаб берилади.

Бунда:

  • транспорт учун ҳар бир километрга — БҲМнинг 0,2 фоизигача;
  • ижарада яшаш учун бир суткага — БҲМнинг 10 фоизигача

субсидия ажратилиши мумкин.

Ушбу харажатлар бўйича ариза ўқиш бошланганидан кейин ҳар ой якунида берилади.

Асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари учун субсидия

Асбоб-ускуна олиш учун субсидияга 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган ёшлар мурожаат қилиши мумкин.

Бунинг учун шахс:

  • камида бир ойлик касбга ўқитиш ёки тадбиркорлик курсини тугатган;
  • сертификат ёки диплом олган;
  • тадбиркорлик субъекти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлиши керак.

Субсидия миқдори 50 БҲМгача бўлиб, ариза давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб 180 кун ичида берилади.

Қаерга мурожаат қилинади?

Ариза:

  • исталган Давлат хизматлари маркази;
  • ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали

тақдим этилади.

Давлат хизмати бепул кўрсатилади. Аризалар талабларга мувофиқлиги ва келиб тушиш навбати асосида кўриб чиқилади. Ўқиш билан боғлиқ субсидия ҳар йили талабларга жавоб берган 500 нафаргача шахсга ажратилади.

Chat