Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10926 марта ўқилди

Бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар ҳудудидаги автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойларининг кириш ва чиқиш учун қулай қисмида ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун махсус жойлар ташкил этилади.


Бундай махсус жойлар автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойи умумий майдонининг камида 5 фоизини, бироқ камида 2 та жойни ташкил этиши керак.

Махсус жойлар қандай белгиланади?

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун ажратилган жойларга:

  • 5.15. «Тўхтаб туриш жойи» йўл белгиси;
  • 7.17. «Ногиронлар» қўшимча ахборот йўл белгиси;
  • 1.24. «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойи» ётиқ йўл чизиғи

ўрнатилади ёки чизилади.

7.17. «Ногиронлар» белгиси 5.15. «Тўхтаб туриш жойи» белгиси билан бирга қўлланади ва тўхтаб туриш жойи ёки унинг бир қисми «Ногирон» таниқлик белгиси ўрнатилган транспорт воситалари учун ажратилганини билдиради.

Махсус тўхтаб туриш жойидан кимлар фойдаланиши мумкин?

Махсус ажратилган тўхтаб туриш жойларидан «Ногирон» таниқлик белгиси ўрнатилган транспорт воситалари фойдаланиши мумкин.

«Ногирон» таниқлик белгиси транспорт воситасининг олд ва орқа томонига қуйидаги ҳолларда ўрнатилади:

  • транспорт воситасини I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бошқараётган бўлса;
  • транспорт воситасида ногиронлиги бўлган шахс ташилаётган бўлса;
  • транспорт воситасида ногиронлиги бўлган бола ташилаётган бўлса.

Мазкур белги сариқ рангли квадрат шаклида бўлиб, унинг ичига 7.17. «Ногиронлар» йўл белгисининг қора рангли тасвири туширилади.

Тўхтаб туриш учун ҳақ олинадими?

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун махсус ажратилган тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун ҳақ ундирилмайди.

Кўп қаватли автотураргоҳлардаги талаблар

Кўп қаватли автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун:

  • биринчи қаватдан;
  • бошқа қаватларда эса лифтга яқин жойлардан

махсус ўринлар ажратилиши керак.

Махсус жойларнинг ўлчамлари

Автотранспорт воситаси ҳаракат йўналишига бурчак остида қўйилганда махсус жойнинг:

  • эни — 3,5 метр;
  • узунлиги — 5 метр

бўлиши керак.

Автотранспорт воситаси ҳаракат йўналишига параллел қўйилганда махсус жойнинг:

  • эни — 2,5 метр;
  • узунлиги — 7,5 метр

бўлиши лозим.

Махсус жойларни жиҳозлаш учун ким жавобгар?

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун мўлжалланган жойларни жиҳозлаш, йўл белгиларини ўрнатиш ҳамда ётиқ йўл чизиқларини соз ва кўринадиган ҳолатда сақлаш:

  • автотураргоҳ эгаси;
  • ёки тегишли автомобиль йўлига эгалик қилувчи субъект

томонидан таъминланади.

Тўхтаб туриш жойларидан узоқ ёки ноқулай жойлашган соғлиқни сақлаш муассасалари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектлари атрофида ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус тўхтаб туриш жойлари ташкил этилиши керак.

Chat