Ҳайдовчи ёнида бўлиши лозим бўлган ҳужжатлар
Механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидаги ҳужжатларга эга бўлиши ва ички ишлар органи ходими талаб қилганда уларни текшириш учун тақдим этиши шарт:
- тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси, эски намунадаги гувоҳнома бўлса — унинг талони, гувоҳнома белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳолларда — вақтинча рухсатнома;
- вақтинча рухсатнома билан транспорт воситасини бошқарганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
- транспорт воситасини ва мавжуд бўлганда тиркамани рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси;
- транспорт воситаси эгаси бўлмаган шахс учун унга эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
- транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси, шу жумладан электрон полис;
- қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда лицензия гувоҳномаси, юридик шахс берган ишончнома ёки йўл варақаси, ташилаётган юк ҳужжатлари;
- юридик шахс транспорт воситаси ҳайдовчисининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташувчи ҳайдовчининг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат.
«Ногиронлиги бўлган шахс» таниқли белгиси ўрнатилган транспорт воситасини биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бошқарса, ногиронликни тасдиқловчи ҳужжат ҳам талаб этилади.
Бошқа шахсга тегишли автомобилни бошқариш
Транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари — ота-онаси, эри ёки хотини, болалари, ака-укалари ва опа-сингиллари — ҳайдовчилар сони чекланган суғурта полисида кўрсатилган бўлса, транспорт воситасини мустақил бошқариши мумкин.
Шунингдек, ҳайдовчилар сони чекланмаган суғурта полиси мавжуд бўлганда ҳам транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари ундан мустақил фойдаланиши ва уни бошқариши мумкин. Уларнинг қариндошлик муносабати ДЙҲХХ ходимлари томонидан аниқланади.
Ҳужжатларни электрон тарзда текшириш
Ҳайдовчининг ёнида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ёки консуллик муассасалари берган биометрик паспорт ёки ID-карта бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, эгалик қилиш ёки фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи айрим ҳужжатлар ҳамда мажбурий суғурта полисини ундан талаб қилиш шарт эмас.
Ушбу маълумотлар ДЙҲХХ ходимлари томонидан планшет орқали электрон тарзда текширилади. Юридик шахс берган ишончнома ёки йўл варақаси ҳамда юк ҳужжатлари бундан мустасно.
Биометрик паспорт ёки ID-карта мавжуд бўлганда қоидаларда назарда тутилган бир қатор автомобиль ҳужжатларини қоғоз шаклида олиб юриш талаб этилмайди — улар электрон тарзда текширилади.
Ҳайдовчининг асосий мажбуриятлари
Ҳайдовчи:
- йўлга чиқишдан олдин транспорт воситасининг техник созлиги, тозалиги ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши;
- ҳаракат давомида унинг техник созлигини таъминлаши;
- ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчилар жойларини эгаллагани ва эшиклар ёпилганига ишонч ҳосил қилиши;
- пиёдалар, болалар, ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар, велосипедчилар ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқараётган шахсларга нисбатан алоҳида эҳтиёткор бўлиши;
- йўловчиларни хавфсизлик камаридан ва тегишли ҳолларда мотошлемдан фойдаланиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириши;
- қоронғи вақтда ёки кўриниш етарли бўлмаган шароитда мажбурий тўхтаб, қатнов қисмига таъмирлаш учун чиққанда нур қайтарувчи махсус жилет кийиши;
- ички ишлар органи ходими талаб қилганда мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича текширувдан ўтиши шарт.
Мотошлемга оид янги талаб
Амалдаги қоидаларга мувофиқ, мотоцикл, электромотоцикл, мопед ва скутерда, шунингдек кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларида ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар мотошлем кийиши ва уни қадаб олиши шарт.
Ушбу қоида кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларига нисбатан 2026 йил 1 апрелдан амал қилаётган янги таҳрирда белгиланган.
Ҳайдовчига тақиқланган ҳаракатлар
Ҳайдовчига, жумладан:
- маст, диққатни сусайтирувчи дори таъсирида, хавфли даражада чарчаган ёки бетоб ҳолда транспорт воситасини бошқариш;
- бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйилмайдиган шахсга рулни топшириш;
- тормоз, руль бошқаруви ёки бошқа муҳим техник қисмлари носоз транспорт воситасини бошқариш;
- тегишли рухсатсиз махсус техник жиҳозлар ўрнатиш;
- бошқариш пайтида телефондан фойдаланиш, қўлларни ишлатмасдан гаплашиш имконини берувчи қурилмалар бундан мустасно;
- салоннинг олд қисмига ўрнатилган монитор орқали теле- ёки видеодастурларни томоша қилиш;
- хавфсизлик камарини тақмасдан, тегишли мототранспорт воситасида эса мотошлемсиз ҳаракатланиш;
- автомобиль салонидан тана қисмларини, қўлдан ташқари, чиқариб ҳаракатланиш тақиқланади.