франц. federation – бирлашма, иттифоқ) – ҳуқуқ назариясида давлат тузилиши шаклларидан бири. Бунда давлат федерация субъектларидан – давлатлар, автоном миллий – давлат (миллий – ҳудудий) бирликлардан ва ҳудудий (ҳудудий – давлат) тузилмаларидан таркиб топади. Ташкил топиш усулига кўра федерация ўз таркибидаги субъектлар (давлатлар) ўртасида шартнома билан расмийлаштирилган иттифоқ тузиш орқали (масалан, 1922 й. ССР Иттифоқи шу тарзда тузилган; бунда СССРни ташкил этиш тўрисида Шартнома имзоланган) ёки унитар давлатни федерацияга айлантириш орқали (масалан, 1918 й. Россия совет республикаси федерация деб эълон қилинган) вужудга келиши мумкин. Давлатлар конфедерация тузишлари, кейинчалик у федератив давлатга айланиши ҳам мумкин. Аммо бу шартнома ёки янги давлатнинг конституцияси билан расмийлаштирилиши лозим. Тегишинча, давлат назарияси фанида ташкил топиш усулига қараб шартномавий ва конституциявий федерация фарқланади. Шартномавий федерация шартнома тузиш орқали (Швейцария, Танзания Бирлашган Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари), конституциявий федерация эса – янги давлатнинг конституциясини қабул қилиш орқали (АҚШ, Канада, Бразилия) ташкил топган. Аммо мазкур фарқлаш шартлидир. Зотан, федерацияда юқорида зикр этилган иккала асос ҳам кўпинча ўзаро чатишади, яъни аввал шартнома тузилади ёки федерация тузилганлиги бошқача тарзда эълон қилинади, шундан сўнг бу конституция билан расмийлаштирилади. Бунда шартнома конституциянинг таркибий қисмига айланиши (ўзгаришсиз ёки қайта ишланган кўринишда) ёхуд унда шунчаки кўрсатиб ўтилиши мумкин (Россия Федерацияси). Субъектларининг таркибига кўра федерациянинг қуйидаги турлари фарқланади: 1) давлатлардан иборат федерация. Масалан: иттифоқдош республикалар – давлатлар СССР субъектлари бўлган; штатлар (сўзма –сўз таржимада – давлатлар) АҚШ субъектлари ҳисобланади; ерлар (ландлар – яъни мамлакатлар, давлатлар) ГФР субъектларидир; 2) автоном бирликлардан иборат федерация. Масалан: 1918 й. РСФСРни ташкил этиш чоғида у автоном вилоятлар иттифоқидан иборат деб эълон қилинган, кейинчалик улар автоном республикалар, автоном вилоятлар ва автоном округларга айланган); 3) ҳудудий бирликлардан иборат федерация. Федерациянинг мазкур тури унинг юқорида зикр этилган биринчи тури билан муштаракдир. Зотан, бу ерда ҳудудий бирликлар федерацияга бирлашгунга қадар мустақил ҳудудлар (давлатлар) ҳисобланган бир миллатли давлатлар ҳақида сўз юритилади. Кейичалик федерацияга бошқа бирликлар ҳам миллий белгисига кўра эмас, балки ҳудудий тузилмалар сифатида қўшилади (масалан, АҚШ); 4) ҳар хил субъектлардан иборат федерация. Бунга Россия Федерацияси мисол бўлади. Федерация давлатга хос барча белгиларга – конституцияга, федерал қонун ҳужжатларига, давлат ҳокимияти федерал органларига, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари тизимининг ягона асосларига, иқтисодий муносабатлар тизимига, бюджет, молия ва пул тизимига, ягона солиқ тизимига, умумий қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, инсон ва фуқароларнинг умумий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига, давлат рамзлари ва пойтахтига эга бўлади.