Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати маҳаллий вакиллик ҳокимиятининг муҳим субъекти ҳисобланади. У сайловчилар манфаатини ифода этади, Кенгаш мажлисларида иштирок этади, ҳудудни ривожлантиришга доир масалаларни кўтариш ҳуқуқига эга ва қонунчиликда белгиланган тартибда фаолият юритади.
Депутат ким?
Тегишли вилоят, туман ёки шаҳар Кенгашига сайланган ҳамда сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси депутат ҳисобланади. Депутат ўз фаолиятини Конституция, қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида амалга оширади.
Депутатнинг асосий ҳуқуқлари
Депутат қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Кенгаш мажлисларида барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз билан иштирок этиш;
- доимий ва муваққат комиссияларга сайланиш;
- Кенгаш муҳокамасига масалалар киритиш;
- мансабдор шахслар номзодлари бўйича фикр билдириш;
- депутат сўрови юбориш;
- ҳудудни ривожлантириш дастурлари ижроси устидан назоратни амалга ошириш;
- фуқаролар ҳуқуқлари бузилганда тегишли органларга чора кўриш талаби билан мурожаат қилиш;
- сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш.
Депутатнинг мажбуриятлари
Депутат нафақат ҳуқуқларга, балки аниқ мажбуриятларга ҳам эга. Жумладан, у:
- Кенгаш ва комиссия мажлисларида қатнашиши;
- овоз беришда шахсан иштирок этиши;
- иштирок этиш имкони бўлмаса, бу ҳақда олдиндан хабар бериши;
- сайловчилар мурожаатларини қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиши;
- жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиши;
- камида йилига тўрт марта ўз фаолияти ҳақида сайловчиларга ахборот бериб бориши шарт.
Депутат сўрови нима?
Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига асослантирилган тушунтириш ёки расмий муносабат талаб қилиб депутат сўрови юбориши мумкин. Бундай сўровга, қоида тариқасида, ўн кундан кечиктирмай жавоб берилиши лозим.
Депутатлик одоби
Депутат одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши керак. Унинг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зид тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди. Одоб қоидалари бузилганда огоҳлантириш, узр сўрашни талаб қилиш ёки қонунда назарда тутилган бошқа чоралар қўлланилиши мумкин.
Депутат фаолиятининг кафолатлари
Қонун депутат фаолияти учун бир қатор кафолатларни белгилайди. Хусусан:
- депутатнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади;
- у ўз ваколатлари муддати давомида дахлсизлик ҳуқуқига эга;
- мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниши мумкин;
- депутатлик вазифаларини бажариш вақтида иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланади;
- зарур ахборот ва ташкилий-техник шароитлар яратилади.
Сайловчилар билан ишлаш
Депутат ўз округидаги сайловчилар билан доимий алоқада бўлиши, уларнинг мурожаатларини ўрганиши ва манфаатларини Кенгашда ифода этиши лозим. Бу депутат фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.