Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10650 марта ўқилди

Поездда буюм унутиб қолдирилганда

Йўловчи поезддан тушганидан кейин вагонда буюм қолдирганини аниқласа, дарҳол вокзал бошлиғига мурожаат қилиши керак.

Ёзма аризада:

  • поезд рақами ва йўналиши;
  • вагон ва жой рақами;
  • буюм унутилган тахминий вақт;
  • буюмнинг ташқи кўриниши;
  • унинг ичидаги нарсалар;
  • буюмни етказиш сўралаётган манзил;
  • мурожаат қилувчининг алоқа маълумотлари кўрсатилади.

Вокзал бошлиғи хабарни поезд йўналишидаги биринчи йирик станция ёки поезднинг охирги манзил станцияси бошлиғига зудлик билан юборади.

Қанчалик эрта мурожаат қилинса, буюмни поезд ҳали йўлда бўлган вақтда топиш имконияти шунчалик юқори бўлади.

Топилган буюмни расмийлаштириш

Поездда унутилган ёки йўқотилган буюм топилса, унинг:

  • ташқи кўриниши;
  • топилган жойи;
  • топилган вақти;
  • топилиш ҳолатлари кўрсатилган далолатнома тузилади.

Далолатнома поезд бригадири, вагон кузатувчиси, буюмни топган шахс ва транспорт ички ишлар органи ходими иштирокида расмийлаштирилади.

Буюм транспорт ички ишлар органи ходими иштирокида очилади. Очиш натижаси бўйича алоҳида далолатнома ва буюмлар рўйхати икки нусхада тузилади.

Топилган буюм далолатнома билан бирга поезднинг охирги манзил вокзали бошлиғига тилхат асосида топширилади.

Вокзалда буюм унутиб қолдирилганда

Вокзалда унутилган буюм бўйича ҳам вокзал бошлиғи ёки навбатчи маъмурга мурожаат қилинади.

Аризада буюмнинг аниқ белгилари, унинг таркиби, унутилган жой ва вақт кўрсатилиши керак.

Агар буюм эгасини аниқлаш имконини берувчи маълумотлар мавжуд бўлса, унга буюм турган жой ҳақида зудлик билан хабар берилади.

Сақлаш муддати

Топилган буюм вокзалда 30 кун сақланади.

Мазкур муддатда талаб қилиб олинмаган буюм далолатнома ва рўйхат билан ҳужжатсиз юклар омборига юборилади.

Шунинг учун 30 кун ўтган бўлса ҳам, буюм бутунлай йўқ қилинган деб ҳисобламасдан, вокзал маъмуриятидан унинг қаерга юборилганини аниқлаш лозим.

Буюмга эгаликни тасдиқлаш

Буюмни олиш учун шахс:

  • унинг аниқ ташқи белгиларини;
  • ичидаги нарсаларни;
  • ўзига хос хусусиятларини ёзма равишда кўрсатиши;
  • қулфланган буюм бўлса, унинг калитини тақдим этиши мумкин.

Шахсни тасдиқловчи ҳужжат текширилгандан кейин буюм вокзал бошлиғининг фармойиши асосида эгасига берилади.

Буюмни қабул қилган шахс шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари кўрсатилган тилхат беради.

Қайтариш харажатлари

Буюм эгаси:

  • сақлаш;
  • хабар юбориш;
  • қадоқлаш;
  • багаж тарифи бўйича ташиш;
  • зарур бўлганда эълон бериш харажатларини тўлайди.

Буюмни эгаси турган манзилга етказиш ва қайтариш билан боғлиқ харажатлар буюм эгаси ҳисобидан амалга оширилади.

Топилган буюмларни расмийлаштириш, сақлаш ва эгасига қайтариш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан белгиланган.

Chat