Талаб қўйиш тартиби
Йўловчи ёки багажни ташиш билан боғлиқ масала бўйича судга даъво киритишдан олдин ташувчига ёзма талаб қўйилиши шарт. Авиация ҳодисаси натижасида йўловчи вафот этган ёки соғлиғига зарар етказилган ҳоллар бундан мустасно.
Ташиш битта ташувчи томонидан бажарилса, талаб жўнаш ёки қўниш манзилида берилиши мумкин.
Бир нечта ташувчи иштирок этса:
- багаж бўйича талаб биринчи ёки охирги ташувчига;
- ҳаёт ёки соғлиққа зарар бўйича талаб зарар юз берган участкада ташишни бажарган ташувчига берилади.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар
Талабга, ҳолатга қараб:
- чипта ёки маршрут-квитанция;
- багаж биркаси;
- тўлов ҳужжатлари;
- кечикиш ёки рейс бекор қилингани ҳақидаги маълумот;
- етказилган зарар ва харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
- ташиш шартномаси бузилганлиги тўғрисидаги далолатнома илова қилинади.
Багаж келмаган, кам чиққан ёки шикастланган бўлса, далолатнома багажни бериш вақтида туздирилиши керак.
Муҳим: далолатнома мавжуд эмаслиги йўловчини талаб қўйиш ва судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан автоматик равишда маҳрум қилмайди.
Мамлакат ичидаги ташишда муддатлар
Ташувчига талаб:
- умумий ҳолларда — 6 ой;
- жарима тўлаш тўғрисида — 45 кун ичида берилиши мумкин.
Ташувчи талабга:
- одатда 3 ой;
- бир нечта ташувчи иштирок этган ёки аралаш ташишда 6 ой;
- жарима тўлаш талаби бўйича 45 кун ичида жавоб бериши керак.
Халқаро ташишда муддатлар
Халқаро ташишда:
- қўл юки шикастланса — олинганидан кейин 7 кундан кечиктирмай;
- юк ёки багаж шикастланса — 14 кундан кечиктирмай;
- етказиб бериш кечикса — берилган кундан бошлаб 21 кун ичида;
- йўқотилса — ҳаво кемаси қўнган, қўниши лозим бўлган ёки ташиш тўхтатилган кундан бошлаб 2 йил ичида ёзма талаб берилади.
Муҳим: чипта, багаж биркаси, чеклар, ёзишмалар, фото ва бошқа далилларни талаб кўриб чиқилиши тугагунига қадар сақлаш лозим.
Талаб ва даъво тартиби 2238-сон Қоидалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси билан белгиланган.