Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9859 марта ўқилди

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бино ва иншоотлар, йўллар, жамоат транспорти ҳамда ахборот-коммуникация воситаларидан хавфсиз, қулай ва тўсиқларсиз фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши керак.


Тўсиқсиз муҳит яратишда:

  • шаҳарсозлик объектларини лойиҳалаш;
  • қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
  • кўчалар, чорраҳалар ва пиёдалар йўлакларини жиҳозлаш;
  • жамоат транспортини мослаштириш;
  • давлат ва бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш каби йўналишлар қамраб олинади.

Шаҳарсозлик лойиҳаларининг мажбурий экспертизаси

Қуйидаги маблағлар ҳисобидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ёки таъмирланадиган шаҳарсозлик объектлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароит яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларига мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади:

  • консолидациялашган бюджет маблағлари;
  • давлат иштирокидаги корхоналар маблағлари;
  • бошқа марказлаштирилган манбалар;
  • тадбиркорлик субъектлари маблағлари;
  • нодавлат нотижорат ташкилотлари маблағлари.

Экспертизада объектга кириш, унинг ичида ҳаракатланиш, санитария хоналари, лифтлар, пандуслар, ахборот воситалари ва бошқа қулайликларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади.

Лицензия олишда тўсиқсиз муҳит талаби

Айрим фаолият турлари бўйича лицензия олишда объектда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратилганлиги тўғрисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси талаб этилади.

Мазкур талаб қуйидаги фаолиятларга татбиқ этилади:

  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бундан мустасно, мактабгача таълим хизматлари;
  • умумий ўрта таълим хизматлари;
  • ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълим хизматлари;
  • автомототранспорт ва шаҳар электр транспорти ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
  • банк фаолияти;
  • кредит бюролари фаолияти;
  • тиббий фаолият;
  • дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш, офтальмология тиббий буюмларини чакана сотиш бундан мустасно.

Чорраҳалар ва пиёдалар йўлларини мослаштириш

Ҳар йили «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган пиёдалар учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратишга йўналтирилади.

Қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари ҳар йили 1 ноябрга қадар Ижтимоий инспекция билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган дастур асосида амалга оширилади.

Бунда:

  • пандуслар;
  • тактил йўлаклар;
  • товушли ва визуал светофорлар;
  • хавфсиз пиёдалар ўтиш жойлари;
  • зарур йўл белгилари;
  • тротуар ва бордюрларни мослаштириш каби чоралар назарда тутилиши мумкин.

Кўчаларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳар йили 1 ноябрга қадар кейинги йил учун ҳудуддаги камида битта кўчани ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш лойиҳасини ишлаб чиқади.

Лойиҳа доирасида кўчани қуриш, таъмирлаш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилади.

Метро ва автобус бекатлари, чорраҳалар ҳамда бошқа йўл инфратузилмаси объектларини мослаштириш харажатлари келгуси йилларга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиб борилади.

Жамоат транспортига қўйиладиган талаблар

Автобусда йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш бўйича тендерларда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни таъминлайдиган ускуналар билан жиҳозланган автобусларга эга ташаббускорлар иштирок этади.

Мазкур талаб:

  • Тошкент шаҳридаги автобус йўналишларига;
  • халқаро автобус йўналишларига;
  • Қорақалпоғистон Республикасидаги йўналишларга;
  • вилоятлараро;
  • шаҳар атрофи;
  • туманлараро ва шаҳарлараро автобус йўналишларига татбиқ этилади.

Транспорт назорати инспекцияси автобуслардаги ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган жиҳозлар ва имтиёзлардан амалда доимий фойдаланилишини назорат қилади.

Автобусларни мослаштириш харажатларини қоплаш

Белгиланган талаблар кучга киргунига қадар тендерда ғолиб бўлиб, тегишли йўналишларда хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг:

  • 50 фоизи;
  • бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошмаган қисми

Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Автобусларни мослаштириш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплашга доир молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этилади.

Кўп квартирали уйларни мослаштириш

Давлат дастурлари доирасида реконструкция ёки таъмирлашга тушган кўп квартирали уйларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун шароит яратилади.

Бунда уйнинг асосий кириш йўлагидан лифтгача бўлган қисми белгиланган талаблар асосида пандус ва бошқа зарур мосламалар билан таъминланиши керак.

Ижтимоий инспекциянинг давлат назорати

Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратилганлиги устидан давлат назоратини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция амалга оширади.

Ижтимоий инспекция қуйидагиларни назорат қилади:

  • ногиронлиги бўлган шахсларга берилган имтиёзлардан монеликсиз фойдаланиш имкониятини;
  • бино ва иншоотларда зарур шароитлар яратилганлигини;
  • маданий объектларнинг қулайлигини;
  • чорраҳа, тротуар, ер усти ва ер ости пиёдалар ўтиш жойларининг мослаштирилганлигини;
  • жамоат транспорти ва фуқаро авиациясида махсус жиҳозлар мавжудлиги ва улардан фойдаланилишини;
  • давлат дастурлари ва ташаббусли бюджет асосида қурилаётган ёки таъмирланаётган объектларда тўсиқсиз муҳит яратилганлигини.

Қонунчилик талаблари бажарилмаса

Ижтимоий инспекция:

  • назорат объектларига монеликсиз кириши;
  • корхона, муассаса, ташкилот ва жамоат транспортларини ўрганиши;
  • мансабдор шахсларга ёзма огоҳлантириш киритиши;
  • бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши;
  • тўсиқсиз муҳит яратиш мажбурияти бажарилмаган ҳолатларда маъмурий жазо чораларини қўллаши мумкин.

Мажбурий экспертизадан ўтказилмаган шаҳарсозлик лойиҳалари бўйича ташкилотнинг лицензияси ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатини бекор қилиш учун ваколатли органга тақдимнома киритилиши мумкин.

Объектларга махсус белги ўрнатиш

Ижтимоий инспекция ўтказган ўрганиш ва текшириш натижаларига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун шароит яратилган объектлар махсус белги билан жиҳозланади.

Турар жой объектлари бундан мустасно.

Махсус белгиларни ўрнатиш Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Chat